Uncategorized

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ 

Гиёҳвандликка қарши курашиш, уларнинг зарарли оқибатларидан кишиларни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш доимий ва муҳим фаолият турларидан биридир.

Чунки аср вабоси – гиёвандликка чалинган кимсалар оиласининг тинчи бузилаётгани, фарзандларининг қаровсиз қолаётгани, ўзлари эса саломатлигини йўқотиб, бевақт ўлим топаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Одатда, наркотик моддаларнинг салбий таъсири турли аъзоларнинг шикастланиши, ҳаёт учун муҳим функционал тизимларнинг издан чиқиши, хасталикнинг психик ва физиологик аломатлари ривожида кўринади. Наркотик модда истеъмол қилаётган шахс аста-секин психик жараёнлар фаоллигини оширувчи воситаларсиз хиссий идрок этиш лаёқатини йўқотади. Ачинарлиси, ҳаёт лаззатини гиёҳванд моддаларсиз тасаввур эта олмай қолади. Бу эса гиёҳвандликка чалинган шахсларни жиноят кўчасига бошлайди.

Тиббиёт қўлланмаларида келтирилишича, қорадори инсон организмига киргач, ичакларга сурилиб, қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Натижада жигар хужайралари таъсирланиб, цирроз касаллигини келтириб чиқаради. Қорадори қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида жигар циррози кучайиб боради. Жигар кичрайиб, қотиб қолгач, фаолияти сусаяди. Унинг хужайралари атрофида ёғлар чўкиб қолади. Гиёҳванд моддаларнинг оқсиллари халақит бергани учун йиғилиб қолган за­рарли моддалар қон айланиши билан марказий асаб тизимига қадар етиб боради. Асаб хужайралари ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолатга келгач, беморнинг кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-аччиқни сезиш қобилияти йўқолади.

Маълумки, асаб хужайралари ҳаёт моддаси саналмиш протоплазмадан таркиб топ­тан. Қорадори етиб бориши натижасида у ўз ҳаракатини тезлаштиради ёки ўта сусайтиради ёхуд тиришиш-тортишиш ҳолати пайдо бўлади. Протоплазмага ўтказилган бундай салбий таъсирлар кишини гиёҳванд модда истеъмолисиз яшай олмайдиган ҳолатга келтириб қўяди. Кашанда асабларини бир оз бўлса ҳам тинчлантириш мақсадида гиёҳванд моддаларини истеъмол қилишга мажбур бўлади. Ухлай олмаслик, сустлик, иштахасизлик, гамгинлик, кўзнинг ёшланиши, титроқ, увишиш, томирларнинг буртиб чиқиши, юрак ўйнаши, кўнгил айниши, қайт қилиш каби хасталикларга мубтало бўлади. Унинг кўзига гиёҳванд модда ёки уни сотиб олиш учун керакли маблағдан бошқа нарса кўринмайди. Уларни қўлга киритиш учун ҳар қандай кабих, ишдан ҳам қайтмаслиги хатарли оқибатлардан дарак беради.

Шу сабабли, маҳаллалар, мактаблар бошқа ўқув юртлари билан ҳамкорликда балоғат ёшидаги ўсмирлар билан ўтказиладиган мулоқотларнинг аҳамияти катта. Чунки илмий изланишларга кўра, наркотиклар билан илк маротаба танишиш одатда 15-17 ёшлилар орасида бошланар экан. Ўсмирлик даврида инсон гормонал жиҳатдан жуда тез ривожланади. Бу даврдаги ёшларнинг психо-физиологик ҳолати динамик жиҳатдан нихоятда жўшқин ўзгаришларга бой бўлади ва ўзига хос тарзда ифодаланади. Шу боис ота-оналар, ўқитувчилар ва маҳхалла аҳлининг ўсмирлардаги бу ўзгариш ва аломатлардан бохабар бўлишлари жуда муҳим. Улар қўйидагилар:

-жинсий безларнинг функционал фаолияти бошланади;

-ёшларда иккиламчи жинсий аломатлар пайдо бўлади;

-ўсмир болаларда онгли равиш­да идрок этилмайдиган жинсий майл кескинлашади;

-рўй бераётган кимёвий жараёнлар таъсирида кайфият тез-тез бир қутбдан иккинчисига ўзгариб туради; психо-физиологик жиҳатдан ривожланиши жадаллик нуқтаи назаридан фетал (она қорнидаги эмбрионнинг ривожланиши) ҳамда янги туғилган чақалоқнинг икки ёшгача ривожланиш даврларидек кечади;

-ўсмирларнинг скелети мушак тўқималарининг ривожланишига нисбатан анча тезроқ рўй беради. Шу сабабдан ўсмирлик чоғидаги ўғил ва қизлар бирмунча беўхшов, номутаносиб қиёфага эга бўла­ди. Бу ҳол табиий равишда психологик нуқтаи назардан уларнинг ўзлигини ифода этишида муайян муаммоларни юзага келтиради.

Кузатишларга кўра, аксарият ҳолларда наркотик моддаларни истеъмол қилишга кишиларни, айниқ­са, ёш болалар ва ўсмирларни шахсий ва ижтимоий ҳаётда учрайдиган турли муаммолар, қийинчиликларни енга олмаслик, шахсиятига паст бадо бериш, ўзи мансуб бўлган гуруднинг таъсирига берилиш ҳоллари ундар экан. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ота-оналар фарзандларининг ички дунёсидан бохабар бўлиб боришлари айни муддао. Аммо вақт кеч бўлиб, фарзандингиз наркотик моддалар истеъмол қилишни бошлаган бўлса, ўзингизни йўқотиб қўймай, зарур чораларни кўришингиз, мутахассис-наркологга мурожаат этиш лозим.

             Тахир Бекпулатов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan