ЖАМИЯТ

20 килограммдан бепул ун аҳолининг қайси қатламига тарқатилади? Молия вазири ўринбосари изоҳ берди

Президент Шавкат Мирзиёев 25-май куни “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. “Дарё” мухбири Миролим Исажонов мазкур қарорга оид бир қанча саволлар билан Молия вазири ўринбосари Жамшид Абрўевга юзланди.

— Бир марталик моддий ёрдам пулларини тарқатиш жараёни қандай кечмоқда?

— Давлат раҳбарининг қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи пенсия ва нафақа олувчиларнинг ҳар бирига 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларга эса 400 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур тоифадаги фуқароларнинг умумий сони 4,3 миллион нафарни ташкил этади.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига 1,9 миллион оила киритилган. Мазкур оилаларда 18 ёшга тўлмаган 4,5 миллион нафар бола яшайди. Кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшгача бўлган боласига – 200 минг сўмдан бир марталик пул берилади.

Қарорга мувофиқ, бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.

Ушбу маблағлар пластик карталари орқали пенсия ва нафақа олувчи фуқароларнинг барчасига тушириб берилди. Нақд пул олувчиларга эса график бўйича Халқ банки вакиллари томонидан тарқатилади. Шанба—якшанба кунлари ҳам тарқатилди. Бу бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак. Мазкур жараён шу йилнинг 8-июнига қадар якунланади.

— Президент қарорида 20 килограммдан ун тарқатиш ҳақида ҳам қайд этилган. Бу маҳсулот кимларга берилади?

— 35 миллион аҳолидан салкам 9 миллион нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатиляпти. Паст даромадли, эҳтиёжманд оилаларнинг деярли барчаси қамраб олинмоқда. Мана шу тоифага кирмай қолганлар, “темир дафтар”га кирган-у, лекин қандайдир сабаблар билан (масалан, оилада нафақа олувчи ёки пенсионер бўлмаслиги мумкин) бир марталик пул олмаган фуқаролар рўйхати шакллантирилади. Сўнгра уларнинг ҳар бирига 20 килограммдан ун тарқатилади.

Куни кеча Бош вазир йиғилишида Тошкент шаҳри аҳолисига уннинг бозор нархидаги пулини тарқатиш тўғрисида тавсия берилди. Чунки пойтахтда яшовчи аҳолининг деярли барчаси нон сотиб олади, кўпчиликда уйда нон қилиш имконияти йўқ. Лекин фуқароларнинг истагига кўра, пул ёки ун тарқатилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan