Uncategorized

Нолойиқ меросхўр деб топишнинг қонуний асослари ва оқибатлари

Миллий қонунчилигимизда ворислик ҳуқуқи институти фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида алоҳида ўрин тутади. Чунки азал-азалдан мерос қолдирувчи ўз мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзидан кейинги тақдирини белгилаш ҳуқуқи кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг1112-моддасига мувофиқ ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.  Яъни мерос қолдирувчи мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини тақдирини ўз эрк-иродаси тарзида ёзма равишда тузилиб, нотариал тартибда  тасдиқланган васиятнома асосида ва қонун бўйича меросхўрлар ихтиёрида қолдириши тушинилади. Қонунчилик мерос қолдирувчини ҳуқуқий ҳимоялаш ва унинг қонуний  манфаатларини муҳофаза қилиш, меросни ғайриқонуний  қўлга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳатти-ҳаракатни олдини олиш мақсадида қонун чиқарувчи нолойиқ меросхўр деб топиш институтини жорий қилган.

Республикамиздаги судлар амалиётини тахлил қиладиган бўлсак, ушбу тоифадаги фуқаролик низолари сони умумий тартибда кўрилаётган ишларни жуда кам қисмини ташкил этишини кўришимиз мумкин.

Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, чет эл давлатларининг фуқаролик қонунчилигида хусусан Россия Федерацияси ФКнинг 1117-моддасида ҳамда Қозоғистон Республикаси ФКнинг 1045-моддасида нолойиқ меросхўр деб топиш асослари белгилаб берилганлигини  кўришимиз ва бизнинг  миллий  қонунчилигимиздаги  ўхшаш  жихатларни кузатишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.          

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Ушбу моддада бундай шахсларга, аввало, мерос қолдирувчига ва меросхўрлардан бирортасига қарши қаратилган ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни амалга оширган ёки мерос қолдирувчи васиятномадаги ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига фаол тўсқинлик қилган шахсларни киритади. 

Бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар меросхўр ёки ворисликдаги бошқа шахсларни нолойиқ деб топишнинг сабаби ёхуд унга ёки бошқа шахсларга мерос улуши кўпайишининг сабаби ҳисобланиши лозим. Меросхўр қонунга хилоф қилмишни содир этишда кимнинг манфаатини кўзлаб ҳаракатланганлиги аҳамиятга эга эмас, у ҳар қандай ҳолатда нолойиқ деб топилади. Мерос қолдирувчига ва меросхўрлардан бирортасига қарши қаратилган ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар фақат қасддан ғаразли мақсадни кўзлаган ҳолда содир этилган бўлиши лозим. Агар мерос қолдирувчи меросхўрнинг эҳтиётсизлик орқасидаги ҳаракатлари натижасида вафот этган бўлса, меросхўр нолойиқ деб топилмайди ва ворисликка чақирилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳуқуқбузарликка суиқасд қилиш ҳам ҳуқуқбузарликнинг ўзи каби меросхўрни нолойиқ деб топиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ҳар қандай ҳолатда шахсни нолойиқ меросхўр деб топиш учун ҳуқуқбузарлик содир этиш факти суд қарори билан белгиланиши зарур. Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар  юз берганда бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг бошқа меросхўрларнинг келтирган даъвоси бўйича фуқаролик ишлари бўйича судлари  томонидан белгиланади.

Мерос қолдирувчи ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган, мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми ёхуд шахсларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжудлиги васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка даъво қилишда судда даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилолмайди. Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар, фақат, суд томонидан белгиланади.

Васият қилиш эркинлигининг самараси ўлароқ ушбу масалани ҳал қилиш мерос қолдирувчининг ихтиёрида қолдирилган. Агар суд тартибида шахс ҳулқ-атворининг ҳуқуққа хилофлиги ва ҳаракатларининг ғаразга йўналганлиги яъни нолойиқ меросхўр деб топилиши аниқлангандан кейин ҳам мерос қолдирувчи ўз мулкини унга мерос қилиб қолдирса, бундай шахс ворисликка чақирилиши мумкин.                                      

Шунингдек, манфаатдор шахсларнинг даъво талабига кўра суд мерос қолдирувчини таъминлаш юзасидан қонун билан зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришдан қасддан бош тортган фуқароларни қонун бўйича ворисликдан четлатиши мумкин. Бундай мажбуриятлар мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси билан вояга етмаган, шунингдек вояга етган, лекин меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож фарзандларига нисбатан ота-оналарга юклатилган. Ўз навбатида, меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлар ўзларининг меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-оналарини таъминлашга мажбурдир. Ушбу мажбуриятларни бажаришдан бош тортган тақдирда, улар суд ҳал қилув қарори билан нолойиқ меросхўрлар деб топилиши ва айни вақтда мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.                                 

Агар шахс нолойиқ меросхўр деб топилган вақтга қадар мерос таркибидан бирор бир мол-мулкни эгаллашга киришган бўлса, у асоссиз равишда қўлга киритганларининг барчасини қайтариб бериши лозим бўлади. Шу билан бирга, мол-мулк натура шаклида, яъни айнан олинган ашёлар ва уларга бўлган мулкий ҳуқуқлар шу шаклда қайтариб берилиши шарт. Мол-мулкни натура шаклида қайтаришнинг имкони бўлмаган ҳолларда мулкни эгаллаган шахс унинг ҳақиқий қийматини қоплаши лозим. Фуқаролик қонунчилигига  мувофиқ фақат суд  тартибида шахслар нолойиқ меросхўр  деб  топилиши  қатъий  белгиланган бўлиб, нолойиқ меросхўрлар қонун бўйича ҳам, васият бўйича ҳам ворислик масаласи суд ёки нотариус томонидан кўриб чиқилаётганда меросхўрлар таркибидан чиқирилиши  белгилаб  ўтилган.

СУДЬЯЛАР  ОЛИЙ КЕНГАШИ ҲУЗУРИДАГИ  СУДЬЯЛАР  ОЛИЙ  МАКТАБИ  ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИ  ЙЎНАЛИШИ  ТИНГЛОВЧИЛАРИ

МАТЯКУБОВ  МАКСАД АТАНАЗАРОВИЧ

ТЎРАЕВА НИЛУФАР ЭСАНОВНА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan