Бугунги кунда табиий газ истеъмолчилари хонадонларида ўрнатилган газ ҳисоблагичларининг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилатиб келинади. Ҳозирда фойдаланишдаги ҳисоблагичларнинг маънан ва жисмонан эскирганлиги сабабли уларнинг аниқлик даражаси, яъни рухсат этилган хатолик кўрсатгичлари белгиланган меъёрлардан анча юқори бўлмоқда. Мазкур ҳолатни инобатга олиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳисоб-китобларни тартибга солиш мақсадида “ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш масаласи долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Истеъмолчилар тез-тез дуч келадиган муаммолардан бири бу – кўрсатгичлардаги номувофиқликдир. Бунда, ҳисоблагичда бошқа кўрсатгич, компютер биллинг тизимида эса умуман бошқа рақамлар қайд этилмоқда. Натижада истеъмолчининг кайфияти бузилиб, унинг турли хил текширув жараёнлари, жумладан, кўп йиллардаги тўлов квитансияларини йиғиш эҳтимоли ҳамда тегишли ташкилотларга бетиним қатнаш ва соатлаб навбатларда кутиш каби салбий ҳолатларни бошидан кечиришга тўғри келади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, истеъмол қилинган «зангори ёқилғи» учун тўлов ҳар ойнинг 10-санасигача тўланиши лозимлиги барча истеъмолчилар учун сир эмас. Аммо амалиёт, аслида ҳаммаси бошқача эканлигини, яъни истеъмол қилинган ёқилғи учун ҳаддан зиёд катта қарзлар вужудга келаётганини кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда бу муаммони ҳал қилишнинг чораси мавжуд. Айтайлик, истеъмолчилар интернет ёки мобил алоқадан фойдаланишмоқчи бўлса, олдиндан тўловни амалга оширишади. Акс ҳолда улар барча хизматлардан маҳрум бўлишади ёки бошқача қилиб айтсак – уларни шунчаки «ўчириб» қўйишади. Дарҳақиқат, ўз фаолиятини ташкил қилган пайтдан бошлаб хизмат кўрсатувчи ёки етказиб берувчилар «тўлов йўқ, хизмат ҳам йўқ» деган ягона қоидага қатъий амал қилишадиган бўлса, муддати ўтган дебитор қарздорлик билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келмайди.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини соҳага тадбиқ этиш орқали, тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларни вужудга келишини олди олинади, йўқотишларни камайтириш ҳамда «зангори ёқилғи»дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади.
“Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади, натижада дебитор қарздорлар сони сезиларли даражада камайиб, газни ҳисобга олишнинг биллинг тизимидаги кўрсатгичлар ўзгаришига инсон омили таъсирини бартараф этилишига олиб келади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4840-сонли қарорига асосан вилоятимиздаги 107 833 аҳоли хонадонларига замонавий газ ҳисоблаш ускуналари АСКУГ ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар вилоятда 78 минг 299 дан зиёд хонадонга электрон газ ҳисоблагич бепул ўрнатилиб, бу борадаги ишлар босқичма–босқич давом этмоқда.
Мазкур қарор талабларини бажарилишини таъминлаш мақсадида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги аҳоли хонадонларига 2020 йилнинг май ойидан бошлаб, 2021 йилнинг якунига қадар жами 107 833 дона янги, замонавий “ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган.

Бугунги кунда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан “ақлли” газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари жадал сурратларда олиб борилмоқда.
Газ ҳисоблагичларини аҳоли хонадонларига ўрнатиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли тарзда бажарилишини таъминлаш мақсадида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан аниқ манзилли дастур ишлаб чиқилиб тасдиқланди.
Филиалнинг шаҳар ва туман бўлимларидада 80 та махсус бригадалар ташкил этилди. Бригадалар газ ҳисоблагичларини ўрнатиш учун техника воситалари, керакли эҳтиёт қисмлар ҳамда зарурий асбоб-ускуна ва анжомлар билан таъминланди.
“Барча ишлар тасдиқланган дастур асосида тизимли равишда олиб борилмоқда. Газ ҳисоблагичларини аҳоли хонадонларига ўрнатиш ишларини ўз вақтида бажарилиши учун мавжуд имкониятлар сафарбар этилиб, зарурий чоралар кўрилган. Янгитдан ташкил этилган махсус бригадалар томонидан кундалик амалга оширилаётган ишлар доимий назорат қилиб борилмоқда.
-Ўрнатиш ишларини белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаймиз ва бу борада муаммолар бўлмайди”-дейди,“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директор ўринбосари Азимжон Бозоров.
Келгусида мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан мунтазам равишда кенг ёритиб борилади.