Uncategorized

Автоматлаштирилган ахборот тизими солиқ муносабатлари шаффофлигига хизмат қилади

“Солиқ маъмурчилигининг самарасини ошириш орқали тадбиркорларга тенг рақобат шароитларини яратиш”! Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида ўтказилган навбатдаги учрашув айни шу мавзуда бўлди.

Унда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи С.Эшматов сўзга чиқиб, бугунги кунда воҳамизда 20 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётганлиги, солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва берилаётган имкониятлар натижасида уларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганлигини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори солиқ маъмурчилигидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Учрашувда мазкур қарорга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини рўйхатга олишнинг янги тартиби хусусида сўз борди. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ хавфини баҳолаш принциплари , “E-ijara” электрон хизмати орқали ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби, “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳамда янгиланган Электрон ҳисобварақ-фактура, шунингдек, Маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди тизимларининг ишлаш жараёнлари видео қўлланмалар ёрдамида атрофлича тушунтириб берилди.

  • ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали “E-ijara” ҳамда “E-aktiv” интерактив хизматлари тўғрисида кўп маротаба эшитдик, кўрдик. Лекин бу дастурлар билан ишлаш жараёнида етарлича тушунчага эга бўлмаганимиз сабабли хатоликларга йўл қўяётгандик. – дейди “Surkhon-Sandvich” МЧЖ ҳисобчиси Маҳлиё Болтаева. – Бугунги учрашувда ушбу хатоликлар нима сабабдан юзага келаётганлиги ва қандай тартибда ишлаш кераклиги тўғрисида маълумотларга эга бўлдик.

Бевосита мулоқот давомида солиқ ходимлари тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб беришди.

 Таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг солиқ тўғрисидаги билимлари ошиб бориши, солиқ маъмурчилиги йўлидаги изчил ислоҳотларнинг моҳиятини англаб етишларига хизмат қилиб, ўз фаолиятлари давомида  “ҳалоллик”ни бош мезон қилишларига асос бўлади. Кўзланган мақсад ҳам, тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг очиқ ва шаффоф фаолиятини йўлга қўйиш ва босқичма-босқич солиқ юкини камайтириб боришдир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan