Uncategorized

ИИВ ишчи гуруҳи Сурхондарёда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрасиясининг топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сон қарори талаблари асосида, Сурхондарё вилоятида жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ишлари аҳволини ўрганиш ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштиришга қаратилган махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказиш, маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, аҳолининг мавжуд муаммоли масалаларини аниқлаш ва ҳал этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар 864 нафар фуқароларнинг ижтимоий-маиший муаммолари ўз эчимини топди. Жумладан, 119 нафар вояга этмаганлар таълимга қайтарилди, 92 нафар аёлларга «Ҳимоя ордери» расмийлаштирилди, 33 та оила яраштирилди, 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 480 нафар уюшмаган ёшлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, ҳудудда 31 та жиноий ва 347 та маъмурий ҳолатлар аниқланди.
Бундан ташқари, тадбирлар давомида, 17 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 9 та жиноят фош этилди, 90 дона ўқ-дорилар олиб қўйилди ва 32 дона ўқотар қурол ихтиёрий равишда топширилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2983 та қоидабузарлик аниқланиб, уларга тегишли таъсир чоралари кўрилди.

Ўрганишлар давомида туман ва шаҳарларни жиноятдан ҳоли намунали ва хавфсиз ҳудудга айлантириш, шунингдек, ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ва бу борада туман-шаҳарларда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар томонидан амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволини ўрганиш, ҳудудлардаги сектор раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббусларининг самарадорлиги кўздан кечирилди.



Қолаверса, ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ўташ ва яшаш шароитларини ўрганиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ишчи гуруҳ томонидан тезкор-профилактик тадбирлар ва учрашувлар ўтказиш ишлари давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan