Uncategorized

“Malibu” русмли автомашина 213 миллион сўмга баҳоланиб, аукцион савдосига чиқарилди

Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими томонидан ўз вақтида тўланмаган кредит қарздорликларини ундириш мақсадида қарздорларга тегишли бўлган мол-мулклар хатловга олиниб, реализация қилиш учун аукцион савдоларига чиқарилмоқда.

Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ижро варақасига асосан Термиз шаҳрида фаолият юритиб келаётган “БЕШҚЎТОН ҚУРИЛИШ КЛАСС” масъуляти чекланган жамияти ҳисобидан жами 1 миллиард 64 миллион 905 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Термиз шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида» ги Қонуннинг тегишли моддаларига асосан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорга ихтиёрий муддат белгилаб берилди.

Бироқ, қарздор жамият рахбари ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий муддатда бажармаганлиги сабабли гаров мулки ҳисобланган Термиз шаҳар, Боғзор маҳалласида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш биносига хатланиб, 1 миллиард 250 миллион сўм бошланғич нархда электрон аукцион савдосига чиқарилди.

Шунингдек, «TOLE YOR EKSPORT» жамиятининг 223 минг 850 АҚШ доллари миқдоридаги кредит қарздорлиги учун қарздорга тегишли бўлган Термиз шаҳрида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси бошланғич реализация қилиш бахоси 1 миллиард сўм ва 2 қаватли нонвойхона биноси 1 миллиард 500 миллион сўм бошланғич бахоси билан «E-Ijro Auksion» ягона электрон савдо майдончасига сотиш учун чиқарилди.

“Платинум Апро Экспорт” МЧЖ ҳисобидан 1 миллиард 274 миллион 883 минг сўм кредит қарздорлиги ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан қарздорнинг гаров мулки ҳисобланган “Малибу” русумли автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, топилган ва бошланғич баҳоси 213 миллион сўм бошланғич нарх билан электрон аукцион савдосига чиқарилди.

Аукцион савдоларида реализация қилинган мол-мулклар қарздорликни қоплашга қаратилади.

Бюро органлари томонидан бу каби амалий тадбирлар вилоят бўйича давом этмоқда.

Муҳриддин Абдимуродов, МИБ Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan