ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Вилоятимиз бўйича сайловда қанча сайловчи иштирок этади?

Марказий сайлов комиссияси халқаро мабуот маркази Сурхондарё вилоят бўлими маълумотига кўра жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни муносиб тарзда ўтказиш учун вилоятимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 та сайлов округлари, 785 та сайлов участкалари ташкил этилди.

Бу галги сайловда вилоятимиз бўйича 1,5 (1 млн. 532 минг 289) миллиондан ортиқ сайловчиларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 237 минг 950 нафарга яқини биринчи марта сайловда қатнашиб, илк бор овоз берадиган ёшларни ташкил этади.
Бу йилги сайловлар янги Сайлов кодексига мувофиқ юқори савияда ташкил этилаётгани, Ҳаракатлар стратегиясида акс этган прогрессив демократик ғояларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Вилоятимизда бугунга қадар сиёсий партияларнинг 4,0 (3925 нафар) мингга яқин, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг 785 нафар кузатувчилари, номзодларнинг 3,2 (3246 нафар) мингга яқин ишончли вакиллари, 89 нафар маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари рўйхатга олинган.
Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби 4 та халқаро ташкилотларнинг миссиялари сайловларни бевосита кузатиб боради.