ЖАМИЯТ

Конституция устунлигини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори

Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормага сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Мустақиллик йилларида юртимизда суднинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топишига, уни ўтмишдаги қатағон қилувчи органдан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш ва ҳимоя қилишга йўналтирилган чинакам мустақил институтга айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, республикамизни ривожлантиришнинг кейинги беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизими мазмун-моҳияти тубдан ўзгартирилмоқда.

2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун ҳам бу соҳадаги далил қадамлардан биридир.

Маълумки, бугунги кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиб келинаётган эди. Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилганди.

Янги қонунда юқорида таъкидланган масалалар ҳал этилгани билан бир қаторда, мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш лозим. 

Эндиликда фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Шунингдек, қонунда фуқаролар ҳамда юридик шахсларга, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.

Шу билан биргаликда, Қонунда Конституциявий суднинг ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш, Конституциявий суд ишларини юритиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судга мурожаат этиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда ўрганиш, Конституциявий суд томонидан процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг тартиби ва механизми, Конституциявий суд муҳокамаси, муддатлари, суд мажлисининг баённомасини юритиш, Конституциявий суд қарорларининг ижроси масалалари аниқ белгилаб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга хизмат қилади.


З.Э.Мавлонов, Cурхондарё вилоят суди судьяси                                  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan