ЖАМИЯТ

Вилоят ҳокими сайловда овоз берди

Бугун эрта тонгдан Сурхондарё вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар юқори савияда бошланди.

“Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шоири остида бўлиб ўтаётган сайловларда Сурхондарёдан 1 миллион 532 минг 289 нафар сайловчи иштирок этиши кутиляпти. Вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округлари тузилган, 785 та сайлов участкаси ташкил этилган.

Ҳозирда фуқаролар ана шу сайлов участкаларида конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи танлаган номзодлар учун овоз бермоқда. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам ўзининг ҳудудидаги 271-сайлов участкасига келиб, муносиб номзодлар учун овоз берди.

Термиз шаҳридаги 271-сайлов участкасида 1 минг 975 нафар сайловчи рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 34 нафари биринчи марта овоз бераётган ёшлардир. Шунингдек, 48 нафар ётоқдаги кекса ҳамда ногиронлиги бор фуқароларга ҳам ўз конституциявий бурчини бажариши учун барча шароитлар яратилган.

Вилоят ҳокими сайлов участкасида нуронийлар, илк марта овоз бераётган ёшлар, Халқаро кузатувчилар билан бугун ўтказилаётган сайловлар ҳақида суҳбатлашди.

Сурхондарёда сайловлар кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати