Uncategorized

ОИЛА ТИНЧ – ЮРТ ТИНЧ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш тўғрисида»ги 2011-йил 20 июлдаги 6-сонли Қарорнинг 1 бандига кўра,  Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, унда оила давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги тўғрисидаги нормаларнинг мавжудлиги никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.  Судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим.

Мазкур Пленум қарорининг 14-бандига кўра, никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилишига асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим.

Юқоридаги раҳбарий кўрсатманинг 16 бандига кўра, эр хотиннинг бундан буён бирга хаёт кечиришларининг ва оилани сақлаб қолишга иложи йўқлиги суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириши лозим, турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра, эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек, эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди, никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.

2021 йил февраль ойининг 25 куни Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 5 январдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.

Даъвогар М.Юсупов (исм фамилияси ўзгартирилган) жавобгар А.Машариповага (исм фамилияси ўзгартирилган) нисбатан судга даъво ариза билан муражаат қилиб, унда у жавобгар билан 2015 йил 5 август (йил ва кун ойлари ўзгартирилган) куни Қумқўрғон туман ФХДЁ бўлими томонидан қонуний никоҳдан ўтганлиги, ўрталарида бир нафар 26.04.2018 йилда туғилган Нилуфар исмли фарзандлари борлиги, ўрталаридаги келишмовчилик сабабли 2019 йил ноябрдан буён эр-хотинлик муносабатда эмаслигини,  оилани тиклаш имкони йўқлигини кўрсатиб, суддан шу асосларга кўра уларни никоҳдан ажратишни сўраган.

Аниқланишича, тарафлар оиладаги ўзаро келишмовчилик сабабли ҳозирги кунда бир-бирларидан алоҳида яшаб келмоқдалар.

Биринчи инстанция суди томонидан тарафларга ярашиш ва оилани сақлаб қолиш мақсадида берилган 6 ой муҳлатда улар ярашмаган ва оилани сақлаб қолиш чораларини кўрмаганлар.

Иш хужжатларига тақдим қилинган, “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” бўлими бошлиғи биринчи ўринбосарининг 28.08.2020 йилдаги 01-17/632-сонли хулосасига кўра, тарафларнинг бир нафар фарзанди борлиги, оилавий жанжал ва ўзаро келишмовчилик сабабли 2020 йил март ойидан бошлаб бирга яшамаслигини кўрсатиб, бу оилани тиклаш учун қонуний кўриб чиқилиши тўғрисида хулосаланган.

Иш холатлари ва ишда ўрганилган далиллардан кўринишича, тарафларда мавжуд никоҳни бекор килиш учун ҳақиқий ҳоҳиш-ирода мавжуд бўлмасдан, уларнинг бундай қарорга келишларига уларнинг ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлган.

Судлар ишдаги ҳужжатлардан ҳамда аниқланган иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб, тарафлар ўртасидаги оила бархам топган деб хисоблаш учун етарли асослар мавжуд эмаслигини, уларнинг муносабатлари характеридан келгусида бирга яшашига ва оилани саклаб колишга имконият йўқ деб хисоблаш учун асослар кузатилмаслигини, тарафларнинг никоҳни бекор килиш учун хақиқий ҳоҳиш-иродалари мавжуд эмаслигини, бу холатлар эса эр-хотинлик муносабатлари тугаган деб ҳисоблашга асос бўла олмаслигини, қурган оилалари ёш оила эканлигини, вояга етмаган фарзанди келажагини инобатга олиб даъвони қаноатлантирмасдан қолдирган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатда судлар тарафларнинг никоҳдан ажратмаслиги, жамиятда оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифа ҳисобланади.

 

   Умид Раупов, Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси                              

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan