Uncategorized ЎЗБЕКИСТОН

СУДЛАР САРҲИСОБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июль кунидаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5482-сонли Фармонига кўра, суд раислари томонидан ҳар чоракда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинглар, матбуот анжумани ўтказиш вазифаси белгилаб берилган. Мазкур Фармон талаблари асосида Сурхондарё вилояти судлари ва вилоят маъмурий суди томонидан белгиланган режа асосида тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги оммавий ахборот коммуникация агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят судлари ва вилоят маъмурий судининг 2022 йилнинг 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу матбуот анжуманида журналист ва блогерлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар масъулларининг ахборотлари тингланди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойида (2021 йилнинг 9 ойидаги маълумотлар қавс ичида) 2864 (2193) шахсга нисбатан 2093 (1559) та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, жиноят ишлари ўтган йилга нисбатан  542 та ёки 25,7 фоизга кўпайганлиги, ушбу даврда 756 (501) та сайёр суд мажлислари ўтказилган бўлиб, бу жами кўриб тамомланган ишларининг 35,98 (32,14) фоизини ташкил этган. Жиноятларни олдини олиш мақсадида, жиноят содир этилишига йўл қўйган ва шарт-шароит яратган шахсларга нисбатан 1544 (1008) та ёки 75,39 (64,66) фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг ўтган давр мобайнида суд қарорларини ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ, тарғибот ишлари, мурожаатлар билан ишлаш аҳволи юзасидан ҳам ахборот бериб ўтилди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан инсонпарварлик тамойилларига амал қилиниб, кўриб тамомланган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар ҳам таҳлил қилинди.

Шу каби, матбуот анжумани давомида вилоят суди фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан жорий йилнинг 9 ойида давомида амалга оширилган ишлари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этилиши борасида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ бир қатор ишлар амалга оширилган.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида (2021 йилнинг 9 ойи маълумотлари қавс ичида) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ жами 594 та (888 та) ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, шундан 434 та (624 та) маъмурий ишлар кўриб чиқилган, 84 таси (87) судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилиш рад этилган ва  76 таси (130) камчиликлари бўлганлиги сабабли қайтарилган. Шундан 127 таси (287 таси) қаноатлантирилган, 252 таси (233 таси) рад қилинган, 34 таси (81 таси) иш юритувдан тугатилган, 21 таси (23 таси) кўрмасдан қолдирилган.

Ушбу ишларнинг 58 таси (67 таси) сайёр суд мажлисларида кўрилиб, кўрилган ишлар бўйича мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан 122 та (248 та) ёки жами кўрилган ишларнинг хусусий ажримлар чиқарилган. Бундан ташқари, маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахснинг яъни, ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, бюджетдан ташқари пенсия жамғарма (мансабдор шахс)нинг қарорларини ҳақиқий эмас деб, сайлов комиссиясининг ҳаракатлари (қарорлари), нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), ФҲДЁ мансабдор шахсининг ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ва адвокатнинг лицензиясининг амал қилиш муддатини тугатиш, тўхтатиб туриш билан боғлиқ низолар ҳам кўриб чиқилиб, бу турдаги ишларнинг сарҳисоби тингланди.

Шунингдек, маъмурий судлар томонидан суд қарорларини ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари юзасидан бажарилган ишлари бўйича сўз юритилди.

Матбуот анжумани якунда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчиликнинг қизиқтирган саволлари юзасидан маъсуллар томонидан жавоблар берилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Асқар Қудратов, Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan