ДУНЁ ЖАМИЯТ ҚИЗИҚАРЛИ ЎЗБЕКИСТОН Фойдали

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича дастлабки имтиҳонлар бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида  белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби ва сертификат бериш тизими жорий қилинди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази мутахассислари томонидан Низом талаблари асосида синов имтиҳони топшириқлари ишлаб чиқилди.

2020 йил 10 декабрь куни ташкил этилган дастлабки имтиҳонларда республика миқёсида Ўзбекистон фуқаролигини олиш истагидаги 258 нафар талабгор иштирок этди.

                    

Синов имтиҳонлари тест, ёзма, оғзаки шаклларда ўтказилди. Тестларда талабгорнинг кундалик турмушида фойдаланувчи содда хабарлар, тил эгаси билан танишиш ва махсус мавзуда мулоқотга киришганда фойдаланиладиган маълумотлар асосида тузилган мантиқий саволларга жавоб бериши, ёзма синовда талабгорнинг содда анкеталарни шахсий маълумот билан тўлдира олиши, расмий хат, иш юритиш қоғозларини ёза олиши талаб этилди.

Оғзаки синов шакли талабгорнинг ўзи ҳақида оғзаки маълумот бера олиш, ижтимоий-маиший мавзуда таклиф этилган мавзуларда ўз фикрини билдира олиш, ҳикоя ёки муҳокама мазмунини содда иборалар билан қисқача гапириб бера олиш даражасини билиш мақсадида тузилган саволлар асосида ташкил қилинди.

Яқин муддатларда чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қулайлик яратиш мақсадида давлат тилини билиш даражасини аниқлашда масофадан туриб электрон тарзда мурожаат қилиш ҳамда давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификатини QR-код билан тасдиқланган ҳолда электрон тарзда олиш тизими йўлга қўйилади.

Дастлабки синовларда қатнашган 258 нафар фуқаронинг барчаси имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди ва уларга сертификатлар топширилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan