ЖАМИЯТ

Болалар майдончасида ўзбошимчалик билан бошланган қурилиш ишлари тўхтатилди

Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатига кўра Термиз шаҳри Жайхун маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида яъни болалар майдончаси учун мўлжалланган жойда фуқаро Жўраева томонидан ўзбошимчалик билан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмасдан 184 кв.м ер майдонида катта бир бинонинг фундаментини мустаҳкам қилиб кўтаради.

Албатта, бу фуқаронинг ўзбошимчалик билан бошлаган иши маҳаллада яшовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.

Мазкур масала фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилиб, жавобгар Жўраевага ўз ҳисобидан ноқонуний қурилмани бузиб олиш мажбурияти юкланади. Бироқ, ушбу талаб ихтиёрий бажарилмаганлиги сабабли, Бюронинг Термиз шаҳар бўлими томонидан  1 миллион 875 минг сўм ижро йиғими қўлланилди ва мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида 184 кв.м ер майдонида қурилган ноқонуний қурилма махсус техника ёрдамида бартараф этилиб, қилинган барча харажатлар қарздор ҳисобидан ундирилиши белгиланди.

Маҳалла аҳлини бир неча йиллар давомида қийнаб келаётган ушбу муаммо мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида тўлиқ бартараф этилди.

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan