ДУНЁ

Жаҳон давлат қарзи 100 триллион доллардан ошди

Ўтган йили глобал жами давлат қарзи 100 триллион доллардан ошди ва жаҳон иқтисодиётига нисбатан тез суръатлар билан ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига таяниб, “РИА Новости” ёзмоқда.

“РИА Новости” 2023 йил ўрталарига қадар ЯИМ маълумотларини тақдим этган 178 та иқтисод ҳақидаги маълумотларни ўрганди. Консолидацияланган давлат қарзи марказий ҳукуматлар, вилоятлар ва муниципалитетларнинг қарзларини ҳисобга олади.

Шундай қилиб, ўтган йили жаҳон давлат қарзи 5,8 фоизга ошиб, 101 триллион долларга етди. Шу билан бирга, жаҳон ялпи ички маҳсулоти номинал кўринишда 4,2 фоизга ўсиб, 105,4 триллион долларни ташкил этди.

Бу жами глобал қарзнинг ЯИМга нисбатини ўтган йилги 94,5 фоиздан 95,8 фоизга кўтарди.

АҚШ энг юқори давлат қарзига эга – 37,5 триллион доллар, бу глобал иқтисодиётнинг 35,6 фоизини ташкил қилади. Иккинчи ўринда 14,9 триллион доллар ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 14,1 фоизи қарзи билан Хитой турибди.

Ҳар икки давлатнинг давлат қарзи ўтган йил давомида мос равишда 6 ва 8 фоизга ошган, уларнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши эса АҚШ учун 0,8, Хитой учун 0,5 фоиз пунктига ошган.

Россия консолидацияланган давлат қарзи бўйича 28-ўринни эгаллади. Йил давомида унинг қарзи 12 фоизга камайиб, 321,3 миллиард долларни ташкил этди, бу эса жаҳон иқтисодиётининг 0,3 фоизини ташкил этади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan