
Туркия Ахборот ва коммуникация технологиялари бошқармаси (БТК) Telegram’да ноқонуний контент борлиги ҳақида 1 мингдан ортиқ огоҳлантириш берган, ҳеч қандай жавоб олмаган ва энди мессенжер блокланиши мумкин, деб ёзади Туркия ва Сабаҳ.
Гап гиёҳванд моддалар сотиладиган, қимор ўйинлари, фоҳишалик ва педофилия тарғиб қилинадиган телеграм каналлари ҳақида бормоқда, деб ёзади газеталар.
Сабаҳ нашрига кўра, агар мессенжер ҳеч қандай чора кўрмаса, Туркияда блокланиши “эҳтимоли ортиб боради”. Нашрларда Telegram ноқонуний контентни қайси муддатда олиб ташлаши кераклиги аниқланмаган.
Туркия Telegram’дан фойдаланувчилар сони (8 миллионга яқин) бўйича дунёда 10-ўринда туради.
2 август куни Туркия ҳукумати Instagram’ни блоклади. NTV бу қарорини Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган нашрларни ўчириб ташлаши билан изоҳлади. Хусусан, Туркия президенти маъмуриятининг алоқа бўлими бошлиғи Фаҳреттин Альтун платформанинг ҳаракатларини “цензурага бўлган жуда аниқ ва равшан уриниш” деб атади.
Инстаграмъга кириш 10 август куни қайтарилди. Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғлининг сўзларига кўра, платформа вакиллари билан музокаралар чоғида улар Анқаранинг шартларини бажаришга ваъда беришган. Расмийнинг аниқлик киритишича, гап контентнинг «цензураси» ва Туркия қонунчилиги билан тақиқланган материалларни олиб ташлаш ҳақида ҳам кетмоқда.