Битта хонадонда яшовчи оилаларнинг ҳар бирига электр учун алоҳида ҳисобрақам очиш режалаштириляпти
Ўзбекистонда битта хонадонда яшовчи кўп оилаларнинг ҳар бирига электр энергияси бўйича алоҳида ҳисобрақам очиш режалаштирилмоқда.

ҲEТ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда битта хонадонда тўрттагача истиқомат қилаётган оилалар ҳам мавжуд.
«Ўзбекистонда битта кадастрга, яъни бир хонадонга битта ҳисобрақам берилади. Бугунги кунда битта кадастр остида яшаётган тўрттагача оилалар ҳам бор. Бундай хонадонда истиқомат қиладиган оилалар бир ойда ҳеч қанақасига 200 кВҳ электр энергияси ишлата олмайди, камида 800 кВҳ электр ишлатади. Биз бу [масала] бўйича ҳам ўз таклифларимизни берганмиз, бунинг ҳам ечимини топишимиз керак, ҳал қилинмаса бўлмайди», — деди Алвар Ғайбуллаев.
У ечим сифатида қандай таклиф киритилиши ҳақида айтиб берди.
«Масалан, битта хонадонда уч ёки тўртта оила яшаяпти. Бизнинг таклифимиз шундайки, ўша оилаларга алоҳида-алоҳида ҳисобрақам очиш ёки ижтимоий соҳа билан боғлаган ҳолда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ечим топиб бериш. Яъни ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли тўртта оила битта ҳовлида турибди, биз уларга 200 кВҳ эмас, 800 кВҳ электр энергияси ишлатгани учун катта пул ҳисоблаяпмиз. Шу каби ҳолатларга адолатли ечим топиш учун таклифимизни берганмиз: битта оилага битта ҳисобрақам очиш керак, яъни хонадон кадастри битта ва унинг пастида субистеъмолчи (ҲEТ корхонаси розилиги билан бошқа истеъмолчининг электр тармоқларига бевосита уланган ва у билан электр таъминоти юзасидан шартнома тузган истеъмолчи — таҳр.) сифатида алоҳида ҳисоб-китоб қилиш керак. Бу масалага барибир ечим топилади, чунки ижтимоий ҳимояга муҳтож одамнинг устига яна [муаммо юклаб бўлмайди]», — деди ҲEТ расмийси.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги яқин истиқболда электр энергияси учун ойлик 200 кВҳ соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмаслигини билдирганди. Вазирликнинг маълум қилишича, ўтган июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВҳъгача электр энергияси истеъмол қилган.