ЖАМИЯТ

Бойсунда бир ҳафта фарқи билан бир жойда иккита юк машинаси бетон тўсиққа урилди. Ҳар иккала ҳайдовчи вафот этди

Бойсун туманида 9 май куни соат 03:20 да одам ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ маълумотларига кўра, daryo.uz хабар бермоқда.

Ҳодиса «Шифобулоқ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1322-километрида юз берди. Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган «Камаз» юк машинаси ҳайдовчиси 1974 йилда туғилган Ф.Ж. бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилган ва йўлдан чиқиб кетиб ЙТҲ содир этган.

46 ёшли Ф.Ж. оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта аввал худди шу жойда яна бир юк машинаси ЙТҲга учраши оқибатида ҳайдовчи вафот этганди. ЙҲХББ 1 май куни юз берган ЙТҲда Volvo юк машинаси ҳайдовчиси йўлнинг хавфли бурилиш қисмида тезликни меъёридан оширгани учун бетон тўсиққа бориб урилганини маълум қилганди. Авария оқибатида 30 ёшли ҳайдовчи шифохонада вафот этган.