ЖАМИЯТ

«ДОЛЗАРБ ЎН БЕШ КУНЛИК» ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 2022-йилнинг 11-апрелидан 27-апрелига қадар бўлган муддат оралиғида навбатдаги “Долзарб ўн беш кунлик” эълон қилинди.

Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад, республика ҳудудларида етиштирилаётган уруғ ҳамда данак мевали боғларга жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмини камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган “Гилос пашшаси” , “Олма мевахўри”  ва “Шарқ мевахўри” каби зараркунандаларга қарши оммавий курашни ташкиллаштириш ва мазкур масалага кенг жамоатчиликни жалб қилиш кўзда тутилган. Агентликнинг барча худудий бошкармаларида жорий йил  пишикчилик мавсуми аввалида амалий ишлар бошланиб кетди. 

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида феромон тутқичлардан кенг фойдаланилиши бўйича феромониторинг юритилмоқда.  Худудларда мавзуга оид семинарлар ташкил этиляпти. Ана шундай семинарлардан бири воханинг Қумқўрғон туманида бўлиб ўтди. 

Биргина витаминга бой олма мевасини олиб карайлик, – дейди бошкарманинг туман бўлими инспектори Й. Жонназаров.- Унинг асосий кушандаси олма мевахўри  хисобланади. Ушбу қурт  30 турдаги мевали дарахтларга зарар етказади. Кўпроқ олма, нок, ёнғок, олхўриларнинг асосий зараркунандаси ҳисобланади. У йилига 3 марта авлод беради. Жорий йил қиш нисбатан илиқ келди. Бу кўплаб зараркунанда ва касалликларнинг кўпайиш эҳтимолини оширди. Шу боис боғбонлар, фермерлар, томорқа эгалари унга қарши курашни тўхтатмасликлари лозим. Семинарда мутахассислар томонидан иштирокчиларга шу каби тавсиялар бериб борилди. Мазкур маслаҳатимизга жиддий эътибор берган ва олма қуртига қарши тадбирларни сифатли ўтказган боғбонларнинг ҳосили баракали бўлади, нобудгарчиликлар кескин камаяди.

Гилос боғларидан юқори васифатли ҳосил олишда унинг    асосий зараркунанда ва касалликларидан ўз вақтида самарали ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.  Ҳозирги кунда гилоснинг энг асосий ва хавфли зараркунандаси бу гилос пашшаси, унга қарши кураш чоралари ўз  вақтида амалга оширилмаса, ҳосилнинг миқдори васифати 80-100 фоизгача йуқотилиши мумкин. Гилос пашшасини олдиндан аниқлаш, мониторинг қилиш мақсадида дарахтларга гектарига 1 донадан феромон тутқичлар қўйиш ва уларни доимий кузатиб бориш муҳим ҳисобланади. Ушбу зараркунанда аниқланганда унга қарши олтинкўз энтомофагини боғларга тарқатиш  ҳамда таъсир этувчи моддалардан фойдаланиш зарур.

Жаркўрғон тумани давлат инспекторлари томонидан Сурхон тажриба участкасидаги  гилос боғида гилос пашшасига қўйилган феромон тутқичлар бўйича маниторинг кузатув олиб борилди. Кузатувлар ижобий натижа берди. Худудда  гилос пашшаси аниқланмади.

Мутахассисларнинг фикрича гилос пашшаси – зарарланган боғ, ён атрофидаги бегона ўтлар, дарахтларнинг ёриқларига кириб ғумбакка айланади ва уйқуга кетади. Гилос боғларида ушбу зараркунанда ўтган мавсумда тарқалганлиги аниқланган бўлса, демак, келгуси мавсумда ҳам қулай шароит бўлганда зараркунанданинг зарари бўлиши мумкин.  Гилос пашшасига қарши қуйидаги тадбирлар қўлланилади: боғларни минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, қатор ораларига ишлов бериш ҳамда боғнинг ичкариси ва атрофларидаги бегона ўтларни йўқ қилиш зарур.

Шу билан бир қаторда, фитосанитар дала назоратини амалга оширишда карантин остидаги маҳсулотларнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлашда ўрнатилган тартибда намуналар олиниб, тегишли карантин лабораторияларида фитоэкспертизадан ўтказилмокда. 

Термиз туман бўлими инспекторлари ҳам “Долзарб ўн беш кунлик” тадбирлари доирасида  туманнинг «Нурафшон» МФЙ да жойлашган «Сурхон элит боғида»  4 гектардан ортиқ  майдонда феромон туткичлар ўрнатишди. Кузатувлар ўз натижасини бермокда.   Бир сўз билан айтганда, мутахассислар сайъи – ҳаракати билан халқимиз фаравонлиги янада ошмоқда.

Даврон Мирзакулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи

Махмуд Худойбердиев,  Термиз туман бўлими инспектори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan