ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда саховатпеша тадбиркор 6 та эҳтиёжманд оилага уй қуриб берди

Юртимизда хайр-эҳсон улашиб, савоб умидида яхшиликлар қилиб юрган инсонлар талайгина. Айниқса, муборак Рамазон ойида уларнинг сафи янада кенгаяди.

Музработлик саховатпеша тадбиркор Бекзод Йўлдошев тумандаги кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 та оилага туманнинг “Шаффоф” маҳалласи ҳудудида барча қулайликларга эга замонавий уйлар қуриб берди.

Туман ҳокимлиги томонидан ушбу хонадонлар зарур мебеллар билан жиҳозланиб, уй эгаларига қуён ва товуқлар етказиб берилди.

Уйлар калитларини ўз эгаларига топшириш мақсадида ташкил этилган хайрия тадбирида туман ҳокими, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

  • Тўртта опа-сингиллармиз. Етти йилдан бери бувижонимнинг қарамоғида эдик. Бугун бизга барча шароитлари бор янги уйлар калитларини топширишди. Шундай муқаддас ойда орзуларимиз амалга ошиб, уй-жойли бўлдик. Даромадга эга бўлишимиз учун қуён ва товуқлар беришди. Илоҳим тадбиркоримизнинг ҳам ишлари юришиб, барча ниятларига эришсинлар. Юртдошларимизнинг ҳаётлари фаровон бўлсин. Шундай инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимдан беҳад мамнунман, – дейди қувонч кўз ёшларини яшира олмай «Йўлчи” маҳалласида яшовчи Лобар Махмадаминова.

Тадбирда иштирок этган нуронийлар дуога қўл очиб, энг аввало, бугунги файзли ва баракали кунлар учун шукрона айтдилар ҳамда юртга тинчлик, элга хотиржамлик, саховат кўрсатган тадбиркорнинг ишларига ривож тилашди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan