ТУРИЗМ

Тикланган ёдгорлик

Сурхондарё – қадриятлар бешиги танловига

1968 йилнинг баҳорида чўпон Абсад Бекнаев эски Термиз шаҳри ҳаробалари ёнидан будда санамини топиб олади. Топилган топилмани Термиз ўлкашунослик музейига топширади. Шундан сўнг “Фаёзтепа” ёдгорлиги ўрганишга киришилди ва биринчи бўлиб археолог Л. И. Альбаум томонидан 1968-76 йилларда топилма топилган ҳудуд ўрганилган. Милодий I-III асрларга оид ушбу будда монастр-ибодатхона мажмуаси (Вихара) эски Термих шаҳар ҳаробаларининг шимолий-ғарбида, Қоратепадан 1 километр шимоли-шарқда жойлашган.

Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг кв.кмга яқин. Ибодатхонанинг асосий қисмларидан бири Ступа бўлиб, у бошқа ибодатхоналардан фарқли ўлароқ ибодатхона ховлисининг марказида эмас, балки унинг ташқарисида “Муқаддас саждагоҳ” билан бир параллел чизиқда жойлашган. Ушбу “Муқаддас саждагоҳ” да будда ҳайкали (Бодхисатва) жойлашган бўлиб, деворлари турли расмлар билан безатилган.

Фаёзтепа” ёдгорлигининг деворлари, асосан, пахса ва ғиштдан қурилган бўлиб, мазкур деворнинг баландлиги 3 метргача бўлган қисми сақланиб қолган. Эрон Сосонийларининг босқинчилик ҳужумлари натижасида ҳароба ҳолатига келиб қолган “Фаёзтепа” кейинги “даври” бунданда аянчли бўлган. V асрда ва VI  асрнинг I-ярмида Эфталийларга дахма бўлган “Фаёзтепа” араблар истеълоси даврида вайронага айланган. Кейинчалик эса кўчма қумлар остида қолиб кетган.

Мустақиллик йилларида Фаёзтепада улкан ишлар амалга оширилди, дейишимиз мумкин. Жумладан, археолог олим Э. В. Ртвеладзе бошчилигидаги экспедиция гуруҳи бу ерда қазишма ишларини олиб бордилар. Олиб борилган амалий ишлар натижасида қадимий Термизнинг ноёб дурдонаси Фаёзтепа ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилди, буддавийликни ўрганиш илмий маркази биноси қурилди. Умуман, Сурхон воҳаси ҳеч бир муболағасиз археология  ёдгорликларига бой ҳудуд ҳиобланади. Бу нафақат Ўзбекистон олимлари балки хорижий илмий-тадқиқот  марказлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Жумладан, ўзбек-француз Бақтрия, ўзбек-япон Қоратепа, ўзбек-олмон Тиллобулоқ, Ўзбекистон-Россия археологик гуруҳларининг Сурхон воҳаси археологик ёдгорликларда кенг кўламда тадқиқотларни олиб бораётгани фикримизнинг исботидир. Муҳим вазифалардан бири қазиб очилган археология ёдгорликларини сақлаш ва ундан ички ва халқаро туризмни ривожлантиришда фойдаланишдан  иборатдир.

Фазлиддин Абдураззоқов