ТУРИЗМ

Сангардак шаршараси

Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси Термиз шаҳридан 205 км масофада жойлашган. Шаршара сувлари тоғнинг 150 метр баланд қисмидан оқиб тушади ва унинг сув томчилари ерга урилиб, майда заррачалар ердан кўтарилиб, ҳавода туман ҳосил қилади. Буни кўриб киши нафақат завқланади, балки томчилар оҳангидан ҳосил бўлган мусиқани тинглаб руҳи қувватланади. Дарё бўйларида ёввойи ўсимликлардан: анжир, узум, тамариска, арча ва бошқа дарахтлар ўсади.

Сангардак шаршараси, айниқса, баҳор, ёз ва куз мавсумларида бетакрор манзара касб этади. Сангардакдан 30 км масофада Хондиза дам олиш маскани жойлашган бўлиб, у ерда ёзнинг иссиқ кунларида ҳам салқин ҳаво ҳукм суради. Дам олиш маскани ноёб ўсимликлар ўсадиган кўркам табиат қўйнида жойлашган, аҳолининг севимли маскани ҳисобланади. Сангардак ва Хондиза йўлида Нелу қишлоғида диаметри 22 метр бўлган кўп йиллик чинор ўсади. Чинор остида тиниқ сувли булоқ бўлиб, унда маҳаллий номи “Маринка” бўлган заҳарли балиқлар яшайди. Ривоятга кўра Шаршаралар қадимги скандинавия халқлари учун бошқа дунёга ўтиш дарвозаси ҳисобланган. Уларга сиғинишган, шаршаралар ёнида қурбонликлар келтиришган ва илоҳий маросимлар ўтказишган.

Ҳозирда шаршараларга табиий ҳолат сифатида қаралсада, шаршаралар аввалги замонлардагидек  ўз жозибаси билан одамларни ўзига тортиб келмоқда. Сабаби, шаршаралардан оқиб турувчи сув инсонни дарҳол тинчлантиради ва бир зумда стресслардан халос этади. Маълумотларга қараганда, Сангардак шаршарасини ҳосил қилувчи булоқнинг манбаи қоялар ичидаги кўлда жойлашган.  Бу шаршара “Шаршарамозор” номи билан ҳам машҳур бўлиб, ҳар йили мавсум бошланди дегунча зиёратчилар билан гавжум бўлади.  Унинг атрофида кишини ҳайратга соладиган даражада сержило камалак ҳосил бўлади. Шаршаранинг ўнг томонида, ундан  200 метр баландликда бир йилда бир марта, фақат жавзо ойида тоғ бағридан сув оқа бошлайди. Бу ой тугаши билан тоғ бағридан оқаётган сув ҳам тўхтайди. Доим барчани ҳайратга солувчи бу жумбоқли ҳолат ҳалигача ўрганилмаган. Булоқни маҳаллий аҳоли “Жавзо суви” деб ҳам номлашган. Бундан ташқари, Сангардак тоғларида яна кўплаб булоқлар мавжуд бўлиб, улар сангардак булоғи, қора булоқ, сирсой булоқ, ширин булоқ каби номлар билан аталиб келинади. Булоқ  суви тоғ ёнбағирларидаги турли гиёҳ илдизларини ювиб чиқади ва у инсон организми учун фойдали хусусиятларга ҳам эгадир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan