ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ЎЗБЕКИСТОН

Ижтимоий тармоқлардаги Сурхондарёда Миллий гвардия ходимлари ниқобсиз эркакни бўғиб, унинг ҳушидан кетишига сабаб бўлгани ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 13 июнь куни соат тахминан 15:00 ларда Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари М.Ниёзов ва А.Файзуллаевлар ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорликда Сариосиё туманида карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича рейд тадбири ўтказаётган вақтда, Сариосиё тумани “Лутфкор” маҳалласида яшовчи 1995 й.т. Довар Жўрақулов юзига ниқоб тақмаган ҳолда 2 нафар шериклари билан ўзаро суҳбатлашиб турган. Бу ҳолатни кўриб ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан уларга карантин қоидаларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилиб, огоҳлантирилганда, фуқаро Д.Жўрақулов ходимларга ўзини таништиришдан бош тортган, шу билан бирга қоидабузарлик содир этганлигини тан олмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан қўпол муомаласи учун туман ИИБга бориши тушунтирилганда эса фаол жисмоний қаршилик кўрсатиб, боришдан бош тортган.

Шундан сўнг, Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан Д.Жўрақулов автобусга чиқарилмоқчи бўлганда, у қаршилик кўрсатишни давом эттириб, автобус зинасига ётиб олган. Шу пайт унинг отаси Мухаммади Ражабов келиб автобус зинасида қаршилик қилаётган ўғлининг оёғидан тортиб автобусдан тушириб олишга ҳаракат қилган ва ходимлар билан баланд овозда жанжаллашиб, ўғлини ўзи билан уйига олиб кириб кетган.

Мазкур ҳолат бўйича Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари Сариосиё тумани ички ишлар бўлимига бориб, мутасадди раҳбарларга маълумот бериб, ушбу фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонуний чора кўрилиши сўралиб, ёзма мурожаат қолдирилган.

Ҳозирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг билдиргисига асосан, Сариосиё тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Д.Жўрақуловнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига портал орқали қилган мурожаати юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари М.Ниёзов ва А.Файзуллаевларнинг хатти-ҳаракатларига интизомий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan