Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда амалга оширилган Парламентга Мурожаатномасида янги Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ устувор жиҳатлар қамраб олинган. Мурожаатнома барча соҳаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, унда муҳтарам Президентимиз фан, таълим ва маориф тизимига тааллуқли бир қатор стратегик йўналишларни белгилаб бердиларки, ундан келиб чиқадиган вазифалар тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислардан янгиланаётган жамиятимизнинг таълим сиёсати мазмун-моҳиятини яна-да чуқурроқ англашни тақазо қилади. Таълим тизимидаги ислоҳотларни маҳоратли, замонавий фикрлайдиган педагогларсиз амалга ошириб бўлмайди, албатта.
Шу муносабат билан “Diyor24.uz” веб сайти “ИСЛОҲОТГА МУҲТОЖ ЎЗБЕК ПЕДАГОГИКАСИ” мавзусида янги лойиҳага қўл урди. Ушбу рукнда соҳа мутахассисларининг ўзбек педагогикасининг бугунги ҳолати ва келажаги, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар, инновацион жараёнлар, соҳага илғор хорижий тажрибаларни татбиқ қилиш билан боғлиқ илмий-оммабоп мақолаларни бериб бориш назарда тутилган.
Таҳририят мутахассисларни соҳадаги мавжуд муаммоларга танқидий нуқтаи назардан ёндашишга ва уларни очиқ-ошкора муҳокама қилишга чорлайди.
Рукнни Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор, Чирчиқ давлат педагогика институти ректори Ғофуржон МУҲАМЕДОВ ва филология фанлари номзоди, доцент Умид ХЎЖАМҚУЛОВларнинг “Ёшларни ностандарт фикрлашга ўргатишнинг зарурати” деб номланган мақоласи билан бошлаймиз.
“Diyor24.uz” веб сайти таҳририяти