ЖАМИЯТ

ЭРДАН ХОТИНИГА ТАЪМИНОТ УНДИРИШ БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддасининг 3-қисмига кўра, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади деб белгиланди.

Фикримизга бир суд амалиётини мисол қилсак.

Даъвогар Гўзал Ашурова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Бактурди Ашуровдан 2021 йилда туғилган фарзанди учун уч ёшга тулгунига қадар ҳар ойда таъминот ундиришни сўраган.

Аниқланишича, Бактурди Ашуров ва Гўзал Ашурова қонуний никоҳдан ўтган ҳолда оила қуриб, бирга яшаб келишган.

Уларнинг турмушларидан бир нафар фарзанди бўлиб, фарзанди уч ёшга тўлмаган. 

Жавобгар Бактурди Ашуров ва даъвогар Гўзал Ашурова ўзаро келишмовчилик сабабли алоҳида яшаб келишмоқда.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаеқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Ушбу талабга кўра, жавобгар Бактурди Ашуров фарзанди уч ёшга етгунга қадар даъвогар Гўзал Ашуровага моддий ёрдам бериб туриши шарт.

Шунга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига 2021 йилда туғилган фарзанди уч ёшга етгунга қадар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 (йигирма) фоизи миқдорида қатъий суммада алимент ундириб бориш белгиланди.

Фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаш барча ота-оналарнинг зиммасидаги мажбуриятлардан бири ҳисобланади.

 Зариф Хўжамуротов, Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan