ЖАМИЯТ МУРОЖААТ САЛОМАТЛИК СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН

Махсус комиссия мурожаати: Бу кунлар ҳар кунгиданда синовли бўлади!

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан республика махсус комиссиясининг мамлакат аҳолисига мурожаат йўллади.

 

«Муҳтарам Ватандошлар! Авваламбор, барчангизни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин юракдан самимий табриклаймиз.

 

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистоннинг янги, очиқ, демократик ва инсонпарвар қиёфаси яратилмоқда. Жонажон халқимизнинг эртага эмас, бугун бахтли яшаши учун амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларнинг таъсирини ҳар бир юртдошимиз ўзи ва оиласи мисолида кўриб, сезиб турибди.

 

Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу бўлганидек, ҳаёт ҳам турли синов ва қийинчиликлардан иборат. Буни бутун ер юзи аҳолисини жиддий ташвишга солаётган хавф – пандемия мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Бизга ҳам, афсуски, бу синов етиб келди. Кутилмаганда ҳаёт тарзимизни, одатларимизни, бир маромда кетаётган жараёнларни ўзгартиришимизга, янги талаб ва шартлар асосида яшашга ўрганишимизга тўғри келди.

 

Беш ойдан ортиқ вақт давомида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва кўрсатмаларига мувофиқ бу хатарни имкон қадар кам талафот билан енгиб ўтиш учун барча зарур чораларни кўриб келмоқдамиз», дея қайд этилган мурожаатда.«Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгармоқда. Яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилгани ўзининг яхши самарасини берди.

 

Мазкур йўналишда амалга ошираётган шу ва бошқа чора-тадбирларимиз яқин кунларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига, барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, мўътабар кексаларимизнинг дуои фотиҳалари билан бу синовдан эсон-омон ўтишимизга, қаттиқ ишонамиз.

 

Касаллик тарқалишининг суръатини пасайтириш ва жараённи жиловлаб туришда оммавий тадбирлар ва турли маросимлардан воз кечишнинг аҳамияти катта эканини бугун яхши англаб етдик. Халқимиз саломатлиги ҳар нарсадан устун туришини, инсон ҳаёти энг олий қадрият эканини ҳам пандемия даври бизга яна бир бор эслатди, кўрсатди.

 

Вужудга келган мураккаб шароитни ҳисобга олиб, бу йилги қатор байрамлар ва оммавий тадбирлар ўтказишни вақтинча тўхтатганимиздан барчангиз хабардорсиз.

 

Мана, юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, пандемия шароитида мазкур буюк санани нишонлаш тартибини келишиб олиш учун соғлиқни сақлаш тизимининг вакиллари билан маслаҳат қилдик. Албатта, бунда ҳам асосий вазифа – халқимиз саломатлигини асраш нуқтаи назаридан масалага ёндашилди.

 

Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик.

 

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда, уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидламоқчимиз.

 

Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгиданда синовли бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши тез орада аён бўлади.

 

Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз керак», дейилади комиссия мурожаатида.

 

Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, CОВИД-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топширилган.

3 COMMENTS

  1. Convert diyor24.uz to an app with one click!

    80% of users browse websites from their phones.

    Have the App send out push notifications without any extra marketing costs!

    MakeMySiteMobile.com

  2. Hello, did you know that there are 241,120 internet directories in the world.

    These websites are what drive traffic to YOUR business.

    Want more traffic? Want more Sales? We can help – today.

    Your website diyor24.uz is listed in only 76 of these directories.

    Get more traffic for your Uzbekistan audience.

    Our automated system adds your website to all of the directories.

    You can find it here: getlisted.directory/diyor24.uz

    Act today, and we will expedite your listings and waive the processing charge!

    We have a special going on. Use «FRIENDS» on checkout for a 50% discount valid today.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan