САЛОМАТЛИК

Болаларни коронавирус билан зарарланмасликлари учун қандай ҳимоя қилиш лозим? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда аҳолидан келган саволларга жавоб қайтарилди.

Савол: Болаларни коронавирус билан зарарланмасликлари учун қандай ҳимоя қилиш лозим?

Жавоб: Биринчи навбатда ота-оналар болаларни коронавирусдан ҳимояланиш усулларига ўргатишлари зарур;

— имкон даражасида болаларни жамоат жойларига олиб бормаслик керак;

— бола вирус билан зарарланмаслиги учун боланинг яқинлари ва ўзи қуйидаги тавсияларга амал қилиши лозим:

— ижтимоий масофани сақлаш;

— мунтазам қўлларни ювиш;

— антисептик воситалардан фойдаланиш;

— кўчада юзга қўл билан тегмаслик;

— ниқоб ва имкон даражасида қўлқопдан фойдаланиш.

Ёш болаларга ифлосланган қўллар инфекция ёки касаллик манбаи бўлиши мумкинлиги, ифлосланган қўллар билан бурунга тегиш, кўзларни ишқалаш, қўлни оғизга солиш асло мумкин эмаслигини тушунтириш лозим.

Савол: Коронавирусга чалинганларда қон қуюқлашиши қанчалик тўғри?

Жавоб: Коронавирус ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларнинг майда калибрдаги томирларида гемостазни фаоллаб, тромб ҳосил қилиш ва томир ичида қоннинг қуюқлашишида ўрни борлигини тасдиқлаш мумкин.

Бунда нафақат ўпка зарарланади, балки микротсиркуляциянинг қамали ҳам кузатилади.

Буларнинг барчаси касалликнинг оқибатини аниқлаштиради.

Савол: Коронавирус билан касалланган баъзи беморлар, шифокор тавсияси билан тез соғайиб кетмоқда. Менда 3-кун тана ҳароратим чиқмоқда. Шу тавсия асосида мен ҳам даволансам бўладими?

Жавоб: Вирус касаллигининг енгил, ўрта ва оғир даражалари мавжуд. Соғайиш касалликнинг кечиш даражаси билан боғлиқ.

Энг яхши йўл, ўзингизнинг УАШга мурожаат қилинг, сиздаги касаллик кечиши характерини ҳисобга олиб даволаш тартибини белгилаб беради.

Савол: Пандемия даврида вирусни юқтириш йўлларини ҳисобга олган ҳолда уй шароитида нималарга эътибор қаратиш лозим?

Жавоб: Вирусдан зарарланишни олдини олиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

— буюмларни, айниқса хом гўшт ва балиқ маҳсулотлари сақланган идишларни тозалаб ювиш;

— қўлларни доимий ювиш;

— хом гўшт ва балиқ маҳсулотлари, тайёр овқатлар кесиш учун алоҳида тахтачалардан фойдаланинг;

— мунтазам чангларни артинг, намлантирилган холда йиғиштириш ўтказинг;

— буюмлар юзаларини дезинфекция қилинг.

 

Манба: «Халқ сўзи»

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan