Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида мажмуада ҳайкали гавдаланган адиблар ҳаёти ва ижодини, бой маънавий меросини ОТМларда кенг ўрганиш, жамоатчиликка, халқимизга, келгуси авлодга етказиш каби вазифалар белгиланган эди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси томонидан мана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони таъсис этилиб, дастлабки нусхалари тайёрланди.
Кўкрак нишони таъсис этишдан мақсад
Муҳаммад Аминхўжа Муқимий адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида университет ва бошқа олий таълим муассасаларининг иқтидорли фаол, билимли ва Ватанпарвар талабаларини моддий-маънавий рағбатлантиришдан иборат.
Кўкрак нишони кимларга берилади ва қандай имтиёзлари мавжуд?
Ушбу кўкрак нишони Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг бой маънавий-адабий меросини кенг ўрганган, ушбу билим ва кўникмаларни жамоатчиликка ва келгуси авлодга етказиш борасида «Энг яхши шеърий асар», «Энг яхши бадиий асар», «Энг яхши анимацион асар», «Энг яхши сценарий муаллифи», «Энг яхши интернетдаги платформа муаллифи» каби 10дан ортиқ номинациялар ғолибларига берилади.
Ғолиб талабага махсус гувоҳнома ва миқдори 1 000 000 сўмдан кам бўлмаган 10 ойлик стипендия тўлаб берилади.
Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг кўкрак нишони ва махсус гувоҳномасига сазовор бўлган талаба Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, адибнинг адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олимлар, шоиру ёзувчилар, муқимийшунослар, мутасаддилар ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин.