СПОРТ ЎЗБЕКИСТОН

«Пахтакор-79» машъум фожиасига 41 йил тўлди

1979 йилнинг 11 август санаси ўзбек футбол жамоатчилиги учун қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.

Бутун халқнинг аза тутишига сабаб бўлган ҳодиса Днепродзержинск осмонида содир бўлган. Ўшанда ўзбек футболи ифтихори саналган “Пахтакор” жамоаси аъзолари самода ҳалокатга учрашган. Бу ўзбек футболи учун катта йўқотишга айланган.

1979 йилнинг 11 августи. Тошкент вақти бўйича соат 13дан 35 дақиқа 38 сония ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди. Фожиа ердан 8400 метр баландликда юз берди ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат таркиби ҳам бўлган. Афсуски, икки диспетчернинг хатоси икки юзга яқин инсонларни бу ҳаётдан олиб кетди. Николай Жуковский ва Владимир Сумскойнинг хатоси шундай фожиага сабаб бўлган. Бир вақтда алоқада бўлган бир неча самолётдан қайси бири улар тарафидан берилган буйруқни бажарганини сўраб олишни унутишган. Ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни эсдан чиқариб, авиаҳалокатга сабаб бўлишган.

13.35.38: 95 даража бурчак остида 65916 рақамли Ту-134А шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. 8300 метр баландликда Молдова самолёти Минскка қарашли самолётнинг қанот қисмига келиб урилган. Командир Комаров «Пахтакор» учаётган лайнер бошқарувини 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.

Ҳалокат тўғрисида биринчи бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар беради: «Куриловка ҳудудида қулаётган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу ТУ-134 парчалари».

Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилган.

Ушбу ҳалокатдан жуда кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган. Чунки ўша мавсумда «Пахтакор» ишончли ўйин кўрсатиб, юқори ўринлардан жой эгаллашга ҳақли эканлигини исботлаб келаётганди. Ҳатто, баъзи мутахассислар жамоанинг яқин йиллар ичида Еврокубокларда ўйнаши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилаётганди. Фожиа оқибатида нафақат кўплаб инсонлар ҳалок бўлди, балки бу ўзбек футболининг ривожланишига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Футбол ичида бўлган бир бутун бир авлоддан ажралиб қолганмиз.

Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва жамоа аъзоларининг рўйхати мазкур инсонлардан иборат:

Идгай Борисович Тазетдинов  13.01.1933 Мураббий;

Владимир Васильевич Чумаков  08.12.1932 Шифокор;

Мансур Иномжонович Толибжонов 04.04.1944 Маъмур;

Михаил Иванович Ан   19.11.1952 Ярим ҳимоячи;

Владимир Иванович Фёдоров  05.01.1956 Ҳужумчи;

Олим Масолиевич Аширов   25.01.1955 Ҳимоячи;

Равиль Рустамович Агишев   14.03.1959 Ҳимоячи;

Константин Александрович Баканов 25.05.1954 Ярим ҳимоячи;

Юрий Тимофеевич Загуменних  07.06.1947 Ҳимоячи;

Александр Иванович Корчёнов  04.05.1949 Ярим ҳимоячи;

Николай Борисович Куликов  25.04.1953 Ҳимоячи;

Владимир Васильевич Макаров  09.03.1947 Ярим ҳимоячи;

Сергей Константинович Покатилов 20.12.1950 Дарвозабон;

Виктор Николаевич Чуркин   25.01.1952 Ҳужумчи;

Сирожиддин Аҳмадович Бозоров  10.08.1961 Ҳужумчи;

Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев  08.02.1959 Ҳужумчи;

Владимир Валиевич Собиров  14.01.1958 Ҳужумчи.

Шу тариқа ишқибозларни армонда қолдириб, «Пахтакор» авиаҳалокатга учради. Тез фурсат ичида Тошкентга бошқа жамоалардан футболчилар чақирилиб, жамоа мавсумни давом эттирди. Уч мавсум мобайнида жамоага олий лигадан тушиб кетмаслик имконияти тақдим этилди. Лекин ҳаётдан кўз юмган бутун бир жамоа ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса боса олмасди. Ўша машъум ҳалокат туфайли кўп минг сонли ишқибозлар футболдан бутунлай кўнгил узишди.

Ушбу санада ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирган «Пахтакор-79″ни эслаш, ёдга олиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш барча учун ҳам қарз, ҳам фарз. Биз ўша «Пахтакор»ни ҳеч қачон унутмаймиз. Самода ҳалок бўлган 17 нафар қаҳрамонлар доимо биз билан бирга!

 

Манба: pakhtakor.uz

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan