ЎЗБЕКИСТОН

Навоийда газбаллон портлаши оқибатида 3 яшар бола вафот этди

Навоий вилоятида Cobalt машинасининг метан газбаллони портлаб кетиши оқибатида 3 яшар бола вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Кеча, 24 декабрь соат 09:50ларда фуқаро Ф.Д. ўз бошқарувида бўлган Cobalt машинаси билан Қизилтепа туманидаги автотураргоҳда бўлган вақтда машинанинг метан газбаллони портлаб кетган. Оқибатда ҳайдовчи Ф.Д. ва унинг 3 яшар вояга етмаган фарзанди Р.Ш. турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Вояга етмаган Р.Ш.га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча фуқаролардан автомашиналарга газбаллонларини ўрнатишда унинг техник жиҳатдан созлиги ва тўғри ўрнатилишига эътибор қаратишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan