ЎЗБЕКИСТОН

Albayrak Holding Ўзбекистонда йўл қоидабузарликларини аниқлаштирувчи қурилмалар ўрнатади

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Туркиянинг Albayrak Holding компанияси координатори Эрдал Налбант билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ИССВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, томонлар рақамлаштириш, инфратузилма объектларини қуриш ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиққан.

Учрашувда Туркия инвестициявий ва саноат доиралари учун Марказий Осиё минтақасида сармоя киритишнинг қулай йўналишини танлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос майоқ бўлган компаниянинг мамлакатимиздаги муваффақиятли фаолияти таъкидланган.

Хусусан, Ўзбекистон шаҳарларида “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашнинг автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини ўрнатиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилган. Томонлар тизимни ўз вақтида ишга тушириш бўйича самарали чоралар кўриш зарурлигини қайд этган.

Маъдумот учун, Albayrak Holding 1952 йилда ташкил топган. Унинг таркибига 127 та компания киради ва ходимлар сони 15 минг кишидан ошади. Холдинг қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, машинасозлик, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan