ЎЗБЕКИСТОН

Бандихон: Ёшлар бандлиги устивор масала

Бандихон туманининг Гулбоғ маҳалласида асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келишади. Маҳаллада ёшлар сони 1467 нафар. Йил бошида 126 нафар ишсиз ёшлар рўйхатга олинган бўлиб, ҳозирда уларнинг 94 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, маҳаллада 29 нафар ёшларга 50 сотихдан 10 йиллик муддатга ер майдонлари ижарага берилган.

Бахринисо Назарова ҳам 50 сотих ер майдонини 10 йилга ижарага олиб маккажўхори эккан эди. Ҳосил чўғи ёмонмас.

-2019 йилда мактабни тугатганимдан сўнг, бир неча бор ОТМ га ҳужжат топшириб омадим келмадими, ўқишга киролмадим. Оилада битта фарзанд бўлганим учун ота-онамга кўпроқ ёрдамим тегсин дейман. Тикувчилик курсларини ҳам тугатганман. Уйимиз олдида ҳам 15 сотихдан кўпроқ ер бор,-дейди Бахринисо Назарова.

Қишлоқ қизида, меҳнатда тобланиб ўсган Баҳринисо ер чопиш, унга уруғ қадаш, етиштириш каби ишларни жуда яхши билади. Ижарага олинган ер майдонига нега айнан маккажўхори етиштиришни танладингиз, бу экин тури ҳақида нималарни биласиз, деган саволимизга у шундай жавоб берди:

-Маккажўхори дунёда энг кўп экиладиган учта маҳсулотнинг биттаси ҳисобланади. Маккажўхори ўсимликлари биринчи марта биринчи ўғитлашдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитлашдан сўнг, учинчи марта султонлар чиқариб, гуллаш даври бошланганда, тўртинчи марта эса доннинг сут-мум пишиш даврида суғорилади. Агар ер қумлоқ бўлса, тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади. Экиш тугалланганидан сўнг уруғлар униб чиққунча қатқалоқ ҳосил бўлганда тупроқ кетмон билан 3–4 см чуқурликда чопилади. Ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 та чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда юмшатилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 барг ҳосил қилганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади, – дейди қаҳрамонимиз.

Хуллас, уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш, ер тайёрлаш, экиш муддати ва меъёри, парваришлашдан тортиб ўғитлашгача ва ҳосилни йиғиштириш жараёнларини бизга сўзлаб берган Баҳринисо маккажўхори етиштириш сир-асрорларини мукаммал ўрганганига амин бўлдик.

Қиз бола учун энг катта бойлик, энг улуғ мартаба, энг комил фазилат бу албатта – ибо- ҳаёдир. Элимизда қиз боланинг чиройидан кўра унинг ҳусни хулқи, эпчил, чаққон, пазандаю чеварлигига кўпроқ аҳамият берилади. Суҳбатлашганимизда ҳам Баҳринисонинг бундай фазилатлари намоён бўлиб турди. Шунданми, у суратга олишимизга розилик бермади.

-Тенгдошларимга айтганларимга етказсангиз бас, улар мендан ҳам ўтказиб ишлайдилар,-деди қаҳрамонимиз камтарлик билан.

Зиёдулла Эшқулов ёш бўлишига қарамасдан “Гулбоғ” маҳалла ёшлар етакчиси. Бугунги кунда ғайрат, шижоат билан фаолият кўрсатиб келмоқда:

-Маҳалламизда 60 нафар ёшларни “Ёшлар дафтарига” киритганмиз. 10 йил муддатга ижара асосида ер берган ёшларимиз асосан маккажўхори экиб даромад кўришяпти. Олий таълим муассасида ўқиётган тўрт нафар ёшларимизга контракт тўловлари ўтказиб берилди. Икки нафар ёшга ҳам бир ойлик хизмат учун тўловлари ҳукуматимиз томонидан қоплаб берилди. Бундан ташқари тўрт нафар ёшларимизга ҳайдовчилик, 12 нафарига эса тикувчилик ўқув курсларида таҳсил олишлари учун амалий ёрдам кўрсатяпмиз.
Имтиёзли кредит бўйича тўрт нафар ёшларимиз мурожаат қилган эдилар, уларнинг илтимоси қаноатлантирилиб, маблағ ажратилди. Улар иссиқхона қуриб, унда помидор, булғор қалампири етиштириб, ҳосилидан яхшигина даромад олишди, – дейди биз билан суҳбатда Зиёдулла Эшқулов.

Мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар. Бир йилда икки марта ҳосил олишни кўзлаган Баҳринисо ўзига ажратилган ер майдонида ҳозир маккажўхори эккан бўлса, келгусида полиз экинларини экишни режалаштирган.

Бир сўз билан айтганда, бугун бу ёшларнинг қувончи чексиз. Улар берилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳаракатидалар.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan