СИЁСАТ

Сайловга оид қонунчилик такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари,  бурчлари асосий қомусимиз бўлган Коституциясида мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳар бир фуқаронинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари билан бирга сиёсий ҳуқуқлари ҳам мавжуд, шу жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи.

Ўзбекистон Республикаси Коституциясининг 32-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-670-сонли Қонуни 2021 йил 8 февраль куни қабул қилинди.

Мазкур қонунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш киритилди, илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий муддатлари тугайдиган йилда декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган бўлса, эндиликда октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Киритилган ўзгартишга мувофиқ, ушбу моддадаги Маҳаллий Кенгашлар  вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман-шаҳар Кенгашларига ажратилиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича сайлов участкалари округ сайлов комиссияси томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланди.

Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари сони кўпайтирилиб, илгари етти-ўн беш нафар бўлса, эндиликда комиссия аъзолари сони ўн бир-йигирма бир нафар бўлади.

Туман, шаҳар сайлов комиссиясига бир қатор ҳолатларда округ сайлов комиссиясининг ваколатларини ҳам амалга ошириши, шунингдек халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари,  участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустаснолиги белгиланди.

Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича Сайлов кодексига 271-модда киритилди, унга кўра Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши, чет давлатларда турган фуқаролар ушбу сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги ва бошқа бир қатор нормалар киритилди.

Сайловчилар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш якуний муддати  3 кундан 5 кунга узайтирилди.

Сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартишга кўра, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин (кўзи ожизлар учун).

Чет давлатлардан туриб сайловда қатнашувчилар учун сайлов участкаларига сайлов бюллетенлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланиши ва етказиб берилиши белгилаб қўйилди.

Сайлов кодекснинг 33-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, манфаатдор ташкилотларнинг ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига ариза бериш муддати ўн беш кундан ўн кунга қисқартирилди.

Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги ҳақида олтинчи қисм билан тўлдирилди.

Шу билан бирга, агарда номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилиши, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилиши белгилаб қўйилди.

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, бир қатор мансабдор шахслар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб боришлари таъқиқланади:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар;

сайлов комиссиялари аъзолари;

диний ташкилотлар профессионал хизматчилари.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида такидлаш жоизки, сайлов билан боғлиқ қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатини янада тўлақонли руёбга чиқаришга хизмат қилади ҳамда сайлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлайди.

Диёр Жумаев, Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan