ЎЗБЕКИСТОН

ТИЛ МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Тил миллат кўзгуси. У дунёдаги барча миллат ва элат вакилларининг мулоқот воситаси ҳамдир. Шу билан бирга миллатнинг ўзлигини англашида муҳим куч саналади. Олимлар назариясига кўра тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши керак экан. Аммо бундай тиллар дунёда бор-йўғи 250 тани ташкил этади. Қувонарлиси, ўзбек тили ана шу рақамлар қаторида. Тилимизнинг ривожланиши йўлида қилинаётган сайъ-ҳаркатлар нафақат бу каби рақамларда намоён бўляпти, балки хорижий давлатларнинг тилшунос олимлари томонидан ўрганиляпти. Бу эса ўзбек тилиниг дунё миқёсидаги мавқъеини юксалтиришга йўл очмоқда.
Бугун Она тилимиз 30 ёшда. Яъни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Сурхондарё санъат саройида тадбир ташкил этилди.

Даставвал мактаб ўқувчилари давлат ва жамоат арбоби, буюк мутафаккир Алишер Навоий ғазалларидан ижро этиб меҳмонларни хушнуд айлашди. Она тилимизни улуғловчи шеърлар ўқилди. Болажонларнинг бийрон тилларида айтилаётган Навоий ғазаллари-ю, саҳна кўринишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг асосий тадбир давлатимиз мадҳияси билан бошланди.

Сўзга чиққан филолог ва тилшунослар ўзбек тилининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва беқиёс аҳамияти, она тилимизни янада юксалтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтишди.
Тадбир давомида Театр ижодкорлари томонидан Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб “Алишер Навоий” спектаклидан парча ҳам ижро этилди. Маънавий ҳордиқдан сўнг, мамлакатимиз раҳбарининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан ўтказилган танловларнинг ғолиблари вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.

Файзулла Тойиров