ЖАМИЯТ

ҲИСОБЛАГИЧЛАР БЎЙИЧА ЯНГИ ТАРТИБ

Ҳаётимизда учраб турадиган айрим масалаларга баъзан вақт топмаймиз, гоҳо эътиборсизлик қиламиз. Бунинг ортидан эса бир қатор муаммо ва асаббузарликлар эргашиб келиши хаёлимизга ҳам келмайди.

Яшириб нима қиламиз: электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналари билан боғлиқ ғавғолар, давлат идоралари олдидаги турнақатор навбатлар, билиб-билмай қиёслаш муддати ўтиб кетган ҳисоблагичлар ортидан тўланадиган жарималар одамларнинг чиндан-да меъдасига текканди…

Ана шундай ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олиш, аҳолига тезкор ва қулай давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сонли қарорига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Мазкур тартибга асосан 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб,  жисмоний ва юридик шахсларга ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича хизматлар  кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Хабарингиз бор, шу кунгача аҳоли ёки юридик шахслар ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича тўғридан-тўғри таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналарга мурожаат этарди. Бу эса баъзан бир қатор ноқулайликлар, сарсонгарчиликларни келтириб чиқарар эди.

Эндиликда, жисмоний шахслар, ёки юридик шахсларнинг вакиллари  давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этган ҳолда, шунингдек,  my.gov.uz портали орқали электрон тарзда мурожаат этиш билан ушбу давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Бу жараёнда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари, сув таъминоти корхоналари ёки ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари тегишли ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечилган ҳисобга олиш ускуналарини “Ўзстандарт” агентлигининг давлат метрология хизмати органларида қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларини талабгорлар иштирокида амалга оширилишини таъминлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари барча жараёнларда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари, сув таъминоти корхоналари ёки ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари билан ҳамкорлик қилади, ҳисобга олиш ускуналарига тамға (пломба) қўйишни амалга оширади.

Метрология хизмати эса ечилган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга масъул ҳисобланади. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги  ҳамда  тегишли автоматлаштирилган тизимга мос келадиган ҳисобга олиш ускуналаридан фойдаланиш шартлиги белгилаб қўйилган.

Аҳоли ва юридик шахсларга юқоридаги хизмат турларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари томонидан тегишли таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналар, Мажбурий ижро бюро ҳамда метрология хизмати ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги ҳам ўзгарди. Эндиликда жисмоний шахслар учун ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш даврийлиги 8 йил, юридик шахслар учун  4 йил этиб белгиланди. 2019 йил 1 ноябрга қадар расмийлаштирилган қиёслаш сертификатларининг амал қилиш муддати эса ўз кучида қолади.

Кўп ҳолларда фуқароларимиз бефарқлик қилиб, ёки тегишли таъминотчи корхоналар огоҳлантирмагани боис ҳисоблагичларнинг қиёслаш муддати ўтиб кетарди. Натижада бир қатор овворагарчиликлар, ҳатто жарима тўлаш ҳолатлари ҳам учраб турарди. Мазкур регламент талабларига кўра, бундан буён  тегишли таъминотчи (хизмат кўрсатувчи) корхоналар  ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгор (жисмоний ва юридик шахс)ни ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.

Талабгорнинг таъминотчи ташкилот томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди.

Ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган хизмат учун ҳисоб-китоб Мажбурий ижро бюросини хабардор қилган ҳолда, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тартиб нафақат халқимизга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш, балки одамларнинг қимматли вақтини тежаш, юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 Салоҳиддин Норқобилов,
Давлат хизматлари агентлиги
Сурхондарё вилоят бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВлари
билан алоқалар шўъбаси
етакчи маслаҳатчиси