ЎЗБЕКИСТОН ХАБАРЛАР

Татьяна Каримова ва Пётр Каримов ўртасидаги суд иши давом этмоқда. Суд экспертиза тайинлаган

2023 йилнинг июнь ойида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилгани, даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримов экани маълум қилинган эди.

Пётр Каримов. Татьяна Каримова

Даъво предмети сифатида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо кўрсатилган.

Маълумотга кўра, Татьяна Каримова ва Пётр Каримов ўртасидаги суд жараёнлари давом этмоқда. Буни Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати тасдиқлади.

Суд иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда. Суд экспертиза тайёрлаган, — дейилади суд ахборот хизмати ўз изоҳида.

Ўтган суд ишлари жараёнида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига Татьяна Каримова томонидан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш ва суд ишини бошқа кунга қолдиришни сўраб илтимоснома киритилган. Суд илтимосномани қаноатлантирган.

Маълумот учун, қонунчиликка кўра, агар фуқаролик ишида, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишда давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлса ёки фуқаролик иши ёпиқ суд мажлисида кўрилиши шартлиги қонунда назарда тутилган бўлса, суд фуқаролик ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.

Процесс иштирокчисининг илтимосномасига биноан, суд шахсий ҳаёт дахлсизлигини ёки қонун билан қўриқланадиган маълумотлар сир сақланишини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга ҳақли.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, суд муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги илтимоснома нафақат ўз шахсий манфаатлари борасида илтимоснома киритаётган шахс ва (ёки) унинг вакили томонидан, балки Фуқаролик процессуал кодексининг 50, 52-моддаларига кўра, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган шахслар (масалан, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органи ва ҳ.к.) томонидан ҳам берилиши мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan