ЎЗБЕКИСТОН

“ZOR-TV” телеканалидаги «Шўрчида банкоматлар бўш ёки “чарчаган”» номли лавҳага расмий муносабат билдирилди

2022 йилнинг 21 апрель куни “ZOR-TV” телеканали орқали “Шўрчида банкоматлар бўш ёки “чарчаган” сарлавҳаси остида лавҳа эфирга узатилган эди.

Эфирга узатилган лавҳада Шўрчи тумани марказида жойлашган банкоматларнинг айримларига техник хизмат кўрсатиш зарурати туфайли вақтинча ишламай турганлигининг оқибатида мавжуд банкоматларда фуқароларнинг навбатда туриб қолаётганлиги ҳақида сўз юритилган. Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк Сурхондарё вилоят Бош бошқармаси томонидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ билдирилди.

«Ҳозирги вақтда Шўрчи туманида 24 дона банкомат мавжуд бўлиб, улар тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилган.

Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, банкоматларнинг узлуксиз ҳамда сифатли ишлашига бир қатор омиллар таъсир кўрсатади. Бунга уяли алоқа сифати, электр таъминоти узлуксизлиги асосий омиллар ҳисобланади.
Бундан ташқари, кунларнинг иссиқ бўлиши банкомат резина деталларининг деформациясига сабаб бўлиб, ушбу банкоматлар вақтинча носоз ҳолатга келиши мумкин.

Банкоматларга техник профилактика хизмати кўрсатиш ҳамда нақд пуллар ҳисобини тўғри юритиш учун белгиланган муддатларда қатъий равишда уларнинг фаолияти маълум муддатга тўхтатиб турилади.
Юқоридагилардан ташқари, банкоматлар олдида кўп миқдорда фуқаролар йиғилишига иш хақи хақи тўловларининг белгиланган муддатларда, яъни иш ҳақи ҳар ой бошида ҳамда аванс ой ўртасида (кўпроқ бюджет ташкилотлари мисолида) банк карталарига кирим бўлиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида иш кунларида барча банк филиаллари кассаларидан терминал орқали нақд пул бериш йўлга қўйилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, эфирга узатилган лавҳада
“ZOR-TV” телеканали мухбирининг сўзларига кўра, юқорида кўрсатилган ҳолат юзасидан Марказий банкнинг Сурхондарё вилояти Бош бошқармаси масъулларидан тегишли изоҳ олиш учун ҳеч бирини учратмаганлигини билдирган.
Ваҳоланки, айнан шу куни “ZOR-TV” телеканали мухбири ва тасвирчиси Марказий банк Сурхондарё вилояти Бош бошқармасининг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича масъул ходими Эшкобилов Анвар Жавлиевич томонидан қабул қилиниб, мазкур ҳолат юзасидан тегишли изоҳлар бериб ўтилганлигини маълум қиламиз. Бу бўйича видео кузатув тасвири орқали ҳам билиб олиш мумкин», дейилган расмий муносабатда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan