ДУНЁ

Ер қаъридаги сирли силжиш аниқланди

Париждаги Густав Эйфел университети геофизиклари Ер қаърида массаларнинг ғайриоддий силжишини аниқлашди. Ушбу тадқиқот натижалари Geophysical Research Letters журналидаги мақолада батафсил тасвирланган.

Унда 2006 ва 2008 йиллар оралиғида Ернинг мантияси ва ядро чегарасида — тахминан уч минг километр чуқурликда содир бўлган силжиш ҳақида гап боради.

Тадқиқотчилар GRACE — АҚШ-Германия сунъий йўлдошидан олинган маълумотлардан фойдаланишди. Ер қаърида массаларнинг силжиши тоғ жинслари, хусусан, перовскитлар тузилишида ўзгаришлар юз берганидан далолат бериши мумкин, дейишмоқда олимлар.

Бу минераллар экстремал босимда ҳосил бўлади ва анчадан буён қуйи мантиянинг муҳим таркибий қисми деб ҳисоблаб келинади. Уларнинг мавжудлигини лаборатория тажрибалари ҳам, сейсмик кузатувлар ҳам тасдиқлаган: бу ҳудудда тўлқинларнинг ўтиш тезлиги перовскит жинсларининг хусусиятларига мос келади.

GRACE гравитацион маълумотлари массалар силжиши Ер тортишиш кучининг маҳаллий ўзгаришига олиб келганини қайд этиш имконини берди. Олимлар ядро ва мантия чегарасидаги деформация (дарз) тахминан ўн сантиметрга етиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ядровий суюқлик ҳаракатига таъсир кўрсатган ва кузатилган магнит аномалияларига олиб келган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу жараёнларнинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаган, бироқ тадқиқот натижалари сайёрамизнинг ички тузилишини, шунингдек, унинг геодинамик жараёнларга, жумладан, зилзилалар ва Ер магнит майдонининг шаклланишига таъсирини чуқурроқ тушунишда ёрдам беради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan