ДУНЁ

Қозоғистонда келин ўғирлаш ва никоҳга мажбурлаш учун жазо кучайтирилди

Бундан буён бундай ҳаракатлар учун жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, икки йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Kelin ugirlash

16 сентябрдан бошлаб Қозоғистонда қиз ўғирлаш ва никоҳга мажбурлашга қарши қонунлар янада қаттиқлаштирилди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Аввал «ўғирланган шахс ихтиёрий равишда озод қилинса, айбдор жазодан озод этилиши мумкин» деган қисми чиқариб ташланди. Энди бу истисно бекор қилинди ва айбдор шахс қизни озод қилган-қилмаганидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, Қозоғистонда никоҳга мажбурлаш тўғрисида янги модда — Жиноят кодексининг 125-1-моддаси жорий этилди. Оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, ушбу модда бўйича энг юқори жазо ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этиши мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қуйидагича тушунтириш бердилар: «Агар ҳаракатлар эҳтиётсизлик оқибатида оғир оқибатларга олиб келса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Мажбурлаш зўравонлик билан бирга содир этилганда, вояга етмаганларга нисбатан, гиёҳвандликдан фойдаланган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилганда янада қатъийроқ жазо таҳдид солади», — дея тушунтирди Қозоғистон ИИВ.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2024 йил март ойида келин ўғирлаш амалиётини «прогрессив жамият идеалларига зид бўлган» «даҳшатли жаҳолат» деб атаган. «Ўйлайманки, бундай фактлар нафақат ахлоқий қоралашни, балки ҳуқуқий баҳолашни ҳам талаб қилади», — деганди ўшанда Тўқаев.

2023 йилда келин ўғирлаш учун жиноий жавобгарлик жорий этиш таклифи илгари сурилган эди. Ўшанда омбудсман идораси Қозоғистонда қизларни ўғирлаш ҳолатлари ҳамон учраб туришини таъкидлаган. Бундай ҳолатлар бир қатор ҳолларда жинсий дахлсизликнинг бузилиши, камситиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш ва ўз жонига қасд қилишга олиб келиши мумкин.

Унинг айтишича, аёллар бундай жиноятлар ҳақида хабар бера олмагани, эркаклар эса бу каби ҳаракатларнинг қонунга хилоф эканини билмагани вазиятни янада мураккаблаштирган.

Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда аёлларни мажбурий никоҳга киритиш мақсадида ўғирлаш учун жиноий жавобгарлик аллақачон жорий этилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan