ХАБАРЛАР

Суд тизимида сунъий интеллект технологиялари

Ҳозирги глобал рақамлаштириш ва технологиялар даврида суд тизимини ҳам жадал рақамлаштириш ва сунъий интеллект воситалари асосида такомиллаштириш суд адолати сифатини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони суд органлари фаолиятида инновацион технологияларни кенг жорий этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда суд ходимларининг рақамли малакасини ошириш мақсадида қабул қилинди дейиш мумкин.

Мазкур Фармон  суд тизими учун янги даврнинг бошланғичи бўлиб, одил судловни таъминлаш ва судларнинг моддий-техника таъминотини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олган. Фармоннинг асосий мақсади – суд ишларини тез ва самарали ҳал қилиш, судлаш жараёнини соддалаштириш ва рақамли технологиялар орқали суд тизимининг иш самарадорлигини оширишдир. Бу эса, ўз навбатида, адолатли ва шаффоф судлов тизимини яратишга хизмат қилади.

Фармонда 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш дастури тасдиқланди.

Ушбу дастурнинг асосий йўналишлари:

-суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш платформаларини ишга тушириш;

-виртуал ҳуқуқий маслаҳатчиларни яратиш, улар фуқароларга суд жараёнлари ва ҳуқуқий саволларда ёрдам беради;

-суд маълумотларини интерактив порталлар орқали осон ва тез олиш имкониятларини кенгайтириш;

-судлар ва тергов органлари ўртасида ахборот тизимлари маълумотлари алмашинувини йўлга қўйиш.

Шунингдек, судлардаги маъмурий жараёнлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади, бу эса ишлар тезлиги ва шаффофлигини янада оширади.

Фармон судларда “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади. Ушбу концепция доирасида суд ишларини қоғоздан тўлиқ электрон форматга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликларни яратиш муҳим вазифа этиб белгиланди. Эндиликда, судга ариза бериш, суд материаллари билан онлайн танишиш ва ҳатто суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имконияти яратилади.

2025 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича рақамли суд мажлисларини тажриба тариқасида йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Яна бир ҳолат ушбу Фармонда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлашга доир кенг қамровли дастур ҳам қабул қилинди. 2025-2030 йиллар давомида янги суд мажлислари замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланиб, фуқаролар ва судьялар учун қулай ва эргономик муҳит яратилади ҳамда суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси ҳам яхшиланади.

Суд соҳасини рақамлаштириш ва модернизация қилиш учун зарур маблағлар давлат бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига ажратилади. Шу билан бир қаторда Фармон ижросини назорат қилиш ва самарали ташкил этиш мақсадида республика ва ҳудудий ишчи комиссиялар ташкил этилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan