Ўзбекистонда импорт дориларни фақат расмий импортчилар ва уларнинг дилерлари сотиши мумкин бўлади

Ўзбекистонда фармацевтика компаниялари ва дорихоналарга лицензия бериш учун қўшимча талаблар жорий этилмоқда. Бу президентнинг 23 майдаги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 1 сентябрдан бошлаб фармацевтика фаолиятини ёки дори воситаларининг чакана савдосини бошлаш учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
- кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш;
- дори воситаларини реализация қилишда харидорлардан тўловларни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш.
Солиқ текширувларида кирим ҳужжатларисиз (контрафакт) ёки маркировкаланмаган дори воситаларини сотиб олиш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш ҳолатлари аниқланса, солиқ органлари ташаббуси билан ваколатли орган томонидан тегишли субъект лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилади.
Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори воситаларини улгуржи ва чакана сотувчиларга фақат импорт қилувчи ташкилот ёки унинг расмий дилерлари орқали ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура асосида сотишга рухсат этиладиган тартиб кучга киради. Демак, импорт қилинган дори воситаларини фақат ўзлари импорт қилган корхоналар ёки уларнинг расмий дилерларигина сотиши мумкин бўлади. Мустақил брокерлар ва рухсатсиз ташкилотлар бундай дори воситаларини қонуний равишда сота олмайди.