ЎЗБЕКИСТОН

Кенг қамровли ҳамкорлик – янги босқичда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида фаол ва мувозанатли ҳаракатлари билан халқаро майдонда ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юритилаётган очиқ, прагматик ва тинчликсевар сиёсат мамлакатнинг нуфузини жаҳон миқёсида ошиб боришига замин яратди. Бу сиёсий юришнинг ёрқин намуналаридан бири сифатида 2025 йил 19–22 май кунлари Венгрия ва Словенияга амалга оширилган расмий ташрифларни келтириш мумкин.

Айниқса, Венгрия билан муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Тарихий, маданий ва сиёсий умумийликларга асосланган ҳамкорлик бугунги кунда стратегик даражага етиб келди. 2016 йилда Тошкентда Венгрия элчихонасининг очилиши ва 2023 йилдан бошлаб Будапештда Ўзбекистон элчихонасининг фаолият бошлаши муносабатларни институционал пойдеворга қўйди. 2021 йилда эса икки мамлакат раҳбарлари стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаган эдилар.

Бугунги кунда парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар ва ҳудудлар даражасида самарали мулоқот ва ҳамкорлик тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президент Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи Будапештдаги ишбилармон доиралар билан учрашувдан бошланди. Бу ташаббус икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Устувор йўналишлар сифатида:

  • Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш,
  • Маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш,
  • Транспорт ва логистика тизимларини интеграциялаш,
  • Тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, транспорт ва йўл инфратузилмасини янгилаш, логистика марказлари қуриш, қурилиш, тўқимачилик ва фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилди.

Венгриянинг етакчи “OTP” банкининг Ўзбекистон молия бозорига кириши Европа бизнеси учун ижобий сигнал бўлиб хизмат қилди. Ушбу банк билан молиялаштириш, автокредитлаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ташриф доирасида имзоланган муҳим ҳужжатлар ҳамкорликнинг кўп қиррали ва тизимли ривожланаётганидан далолат беради. Жумладан:

  • Экстрадиция тўғрисида шартнома,
  • Иқлим ўзгаришига қарши кураш ва табиий офатлар мониторинги бўйича келишувлар,
  • Илм-фан, инновациялар, тинч атом соҳаларида ҳамкорлик

бўйича идоралараро ҳужжатлар алмашилди.

Энг муҳим воқеалардан бири – икки давлат раҳбарлари томонидан кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганидир. Бу ҳужжат икки халқ ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатларга асосланган ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Президент Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи нафақат икки томонлама муносабатлар доирасида, балки халқаро сиёсий майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар бу ташрифни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муваффақиятли намунаси сифатида баҳоламоқда.

Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири — бу галги ташриф давомида 1,5 миллиард евролик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режаси тайёрланганидир. Ҳозирги вақтдаги лойиҳалар портфели 500 миллион доллардан ошгани эса бу соҳадаги ишларнинг самарадорлигини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг Венгрия ва Словенияга амалга оширган расмий ташрифи дунёга яна бир бор мамлакатнинг очиқ, прагматик ва ҳамкорликка тайёр ташқи сиёсатини намоён этди. Бу ташриф, шубҳасиз, нафақат икки давлат ўртасидаги алоқаларни, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг Европа билан стратегик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон бугунги кунда дунё саҳнасида ўз сўзи ва ўз йўли бор мустақил давлат сифатида дадил қадамлар ташламоқда.

Гулбаҳор Тангирова,

ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши депутати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan