Ёшларнинг маънавий юксалишида оиланинг ўрни беқиёсдир. Оила бу – никоҳга ёки туғишганликка асосланган кичик гуруҳ. Оиланинг ҳаёти моддий (биологик, хўжалик) ва маънавий (ахлоқий-ҳуқуқий, психологик) жараёнлар билан характерланади. Оиланинг инсон маънавий камолотида тутган ўрни ҳам беқиёсдир. Шарқда оила қадимдан муқаддас ватан ичидаги ватан ҳисобланган. Унинг мустаҳкамлигига дарз кетишига йўл қўйилмаган.
Оила – қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни, қолаверса, бутун бир халқ маданий, маънавий меросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омилдир.
Фарзанд оилада дунёга келади. Оиланинг муқаддас бурчи ва вазифаси нафақат фарзандни дунёга келтириш, балки, уларни юксак маънавиятли, теран фикрлаш қобилиятига эга, маърифатли қилиб тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини ўзи мустақил топиши учун шарт-шароит яратиб беришдан иборатдир.
Боланинг катта ҳаётга, атрофдаги инсонларга ва жамиятга бўлган дастлабки муносабати шу муҳитда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, ватан ичра кичик ватан ҳисобланган муқаддас бу даргоҳда тарбияга қаратиладиган эътибор, биринчи даражали масала бўлиши кераклиги талаб этилади. Негаки, соғлом тарбия туфайли жамиятда соғлом турмуш кечирувчи халқ, миллат шакилланиб боради.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастурида илгари сурилган, инсонни ўзгартириш орқали – жамиятни ўзгартириш ғойясининг туб моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, бу ерда гап, оилада туғилган болани тўғри тарбия қилиш ҳақида бораётганини кўришимиз мумкин. Нега бу ғояни мавзуга қўшдим. Сабаби, бугун жамиятимизда тарбияга бўлган масъулият ҳар қачонгиданда фаол, бироқ тарбия қилиш усули жуда ҳам нимжон. Болани интеллектуал салоҳиятли бўлиб улғайиши учун ота-она барча шароитларни яратиб беради. Бироқ имкониятлардан тўғри фойдаланиш ҳақида деярли ўргатилмайди, яни фақат бир ёқлама иш тутилади. Натижада бола онгида, барча имконият мен учунми? Демак, уни ўз билганимча юритаман деган фикр уйғонади. Қарабсизки қисқа вақт ичида кўзининг оқу қораси бўлган дилбанди, ота-онанинг қаршисида етук ва баркамол бола эмас, балки одамни талвасада қолдирадиган фикри лойқа шахс сифатида рўбарў келади.
Демакки, тарбиянинг илдизи айнан оиладан бошланишини ҳисобга олсак, тарбияланувчининг мутлақо мақсадсиз, ҳеч қанақа касб-ҳунарсиз, безори бўлиб ўсиши ҳам, илм, маърифатли, фикри соғлом, тафаккур билан иш тутадиган бола бўлиб улғайиши ҳам ота-онанинг болага мукаммал тарбия беришига боғлиқ.
Бизнинг вазифамиз эса, янги оила вакилларига, бу муқаддас қўрғон нақадар масъулият талаб этишини, асосий вазифа – фарзандга бериладиган ТЎҒРИ тарбиянинг муҳум нуқталарини билиб олиш эканини тушунтиришдир. Зеро, миллатнинг миллат, халқнинг халқ, жамиятнинг жамият сифатида барқарорлашуви, соғлом авлоднинг камол топтиришга боғлиқ.
Жамшид АЛИЕВ