ЖАМИЯТ

ОДАМЛАРНИНГ ҚЎЛТИҒИДА  ҲУЖЖАТ  КЎРМАДИМ

Азалдан қоғозбозликка тобим йўқ. Ишим тушиб борадиган идоралардаги ходиму бошлиқларнинг қовоқларига қараб, биргина имзога маҳтал бўлиб ўтиришдан ортиқ хўрланиш йўқ, менинг назаримда. Шунинг учун умримнинг анчагина қисми ҳужжатлар борасида “эгни қисиқлик” билан ўтди. “Керакли қоғоз”ни берилиши лозим бўлган кабинетларнинг эшикларига мутеларча термулиб ўтириш жонларимга тегиб кетган маҳаллар “э, бор-е, отасининг гўрига! Ҳар ишнинг битадиган мавриди бор”, дея жўнаб қолган вақтларим бўлган. Кейин эса хийла вақт юрагим бетламай юрарди…

Шу йилнинг апрель ойи адоқлайверган сайин менинг юрагимга ҳам таҳлика тушаверди: атиги саноқли кунлардан сўнг турар-жойларни умумдавлат акцияси доирасида расмийлаштириш муддати тугайди; кейин додингни худога айт; май ойининг биринчи санасигача Ер ва кўчмас мулк кадастрига ариза берсанг-бердинг, қолиб кетсанг отнинг калласидай жарима тўлайсан, қабилидаги гурунглардан қулоғим шанғилларди. Ишонасизми, ўша кунларда уйсизларга ҳавас қилганман ҳатто! Ахир, салкам бир қўлтиқ ҳужжат тайёрлаш, бунинг учун идорама-идора сарсон бўлиш, мутасаддиларнинг кибрли боқишларига, ручкани атай қитирлатиб асабингга ўйнашларига дош бериш кўз олдимга келарди!

Алҳол, барча койинишларни бўйнимга олиб, Қизириқ туман давлат хизматлари марказига бордим. Бордим-у … ҳушим бошимдан учди. Икки қаватли кўркамгина бинонинг ичига одам сиғмасди. Фойедаги манзарани кўриб, ичимда баҳона излай бошладим. “Ишдан қолаётганимни, балки шу даҳмазани бошқа кунга ҳам қолдириш мумкин-ку” эканлигини хаёлдан ўтказдим. “Балки жарима деганлари бекор гапдир?” дея қайтиб кетиш учун асос ахтардим.

Барибир, оила (энг муҳими, хотин) олдидаги масъулият устун келди ва одамлар орасидан қисилиб, ёшгина бир ходимга муддаомни айтдим. Яхши бола экан: бир зумда камоли диққатга айланди ва лўндагина қилиб тушунтирди: “11-рақамли дарчага борасиз, амаки”, дея қўлимга биргина “пишакқулоқ” берди. Қоғознинг нега берилганини билдим ва қарадим:
256-ўринда эканман. Эҳ-ҳе, унгача ярим кеча бўлади-ку! Балки эртага саҳар келганим маъқулдир? “Э, тўхта”, – дедим ўзимча. “Ахир мен вилоятнинг нуфузи газетаси мухбириман. Балки, сал “сиёсат” қилсам ёинки мақтаб ёзаман десам, ишимни илгарироқ битириб беришар?” Шу мақсад билан Марказ раҳбарининг хонасига бош суқдим. Яхши ва илиқ қабул қилди. Марказ фаолияти ҳақида жўшиб гапирди. Лекин ёрдам бериш масаласида … очиғини тан олди: “Мухбир ака, одамларни кўряпсиз-ку! Ҳеч иложи йўқ. Лекин сиз озроқ кутинг. Болалар илдам ишлашади”.

Алқисса, фойега қўйилган ўриндиқлардан бирига жойлашиб, манзарани томоша қилдим. Бизга, яъни уй-жойни расмийлаштириш масаласида келганларга бир ғайратли йигит хизмат кўрсатар экан. Бир кишига бир минутдан ҳам кам вақт сарфламоқда эди. Навбат илгарилаб борар, унга сари менинг илинжим ҳам ортар эди. Энг қизиғи, бирор одамнинг қўлтиғида ҳужжат тўла папка кўрмадим: паспортнинг нусхаси ва маҳалладан берилган бир парчагина қоғоз.

Майдалаб нима қилдим: туш вақти бўлмай менинг ҳам рақамимни тилга олиб, чақиришди. “Паспорт”, деди монитордан кўз узмай марказ ходими. Шартта қўлига бердим. Бармоқлари клавиатура устида ўйнаган кўйи “маълумотнома” деди. Уни ҳам узатдим. Сичқончани қўлида ўйнатиб, телефон рақамимни сўради. Айтишга улгурмасимдан принтер бўғиқ овоз чиқарди ва бир варақ қоғоз сирғалиб чиқди, унинг устига менинг телефон рақамимни ёзди. Тамом.

Шунақасиям бўларкан. Раҳмат айтиб марказ ходимининг вақтини олишга истиҳола қилдим. Нафсиламр, мендан раҳмат эшитишга унинг вақти йўқ эди. Ахир, кечгача яна юзга яқин одам билан муомала қилиши керак.

Шундай қилиб, кўп йиллик “бош оғриқ”дан қутилдим. Энди менинг уйимнинг ҳам ҳужжати бор..!

Турдимурод МУСТАФОЕВ,

«Сурхон ёшлари» газетаси мухбири.

Қизириқ тумани