ЎЗБЕКИСТОН

Ер – умуммиллий бойлик, ундан оқилона фойдаланиш зарур

Бугунги кунда атроф-муҳитни асраб авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, барқарор экологик мувозанатни таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда энг долзарб муаммолардан бири сифатида сақланиб қолмоқда.

Атроф табиий муҳитни асраб авайлаш ҳамда табиий ресурс сифатида ер мамлакат иқтисодиётининг негизини ташкил қилиши масалалари Конституция даражасида белгиланиб, бош қомусимизнинг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурликлари, 68-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги, ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги низоларни кўриш орқали ер, ер ости бойликлари, бошқа табиий ресурслар ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш билан бирга, мазкур соҳадаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ердан самарали фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилишига қарамасдан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ердан самарасиз фойдаланиш ҳамда ер ресурсларига, тупроқ унумдорлигига зарар етказиш ҳолатлари учраб турибди.

Жумладан, даъвогар Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Қумқўрғон туманидаги “E.X” фермер хўжалиги ҳисобидан даъвогарнинг ҳисоб рақамига тупроқ унумдорлигига етказилган 27 918 690 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Аниқланишича, Сурхондарё вилояти Табиат ресурслари бошқармасининг буйруғига асосан Қумқўрғон туман Табиат ресурслари инспекцияси мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йил бошоқли дон экинлари ҳосили ўрим-йиғимини ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 11 июль куни Қумқўрғон туманида фаолият юритиб келаётган “E.X” фермер хўжалигида тезкор рейд текшируви ўтказилган ва шу куни далолатнома тузилган.

Далолатномага кўра, ўрганиш жараёнида туман ҳокимининг тегишли қарори билан “E.X” фермер хўжалигига жами 103,8 гектар ер майдони (шундан 99,4 гектар экин ер, 3.4 гектар ариқ, 1 гектар йўл) ижара асосида бириктирилганлиги, фермер хўжалигининг ер майдонида 2023 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонлари ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг, такрорий экин экиш мақсадида 13 гектар сомон поя қолдиқлари ёқиб юборилганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ер кодекси талаблари бузилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 88-моддасининг  учинчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан “E.X” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Э.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 2024 йил 11 мартдаги қарорига асосан Э.Қ. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси
88-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, яъни 990 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, сомон поя қолдиқларини ёқиш ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлигининг 2018 йил 4 октябрдаги 3, 51 ва 131-сон қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 20 октябрда 1647-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Бошоқли дон экинлари сомонини ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш тўғрисида”ги Низомнинг иккинчи қисмига мувофиқ тупроқ унумдорлигига ҳам 27 918 690 сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

Сурхондарё вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг жавобгар фермер хўжалигига тупроқ унумдорлига етказилган 27 918 690 сўм зарарни беш кунлик муддатда ихтиёрий тўлаш ҳақидаги 2024 йил 26 апрелдаги 02-03/2589-сонли огоҳлантириш хати жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган ва шундан сўнг даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган.

Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида мазмунан кўриб чиқиш жараёнида жавобгар “E.X” фермер хўжалиги томонидан сомон пояси қолдиқлари ёқиб юборилган ер майдони 7 гектарни ташкил қилганлиги аниқланди ва жавобгардан тупроқ унумдорлигига етказилган 13 028 722 сўм зарар ундирилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ер бу бебаҳо бойлик, уни асраб-авайлаш ва ундан самарали фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

А.Н.Мамараимов

Сурхондарё вилоят судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan