ТУРИЗМ

Қирққиз қалъаси

Қирққиз қалъаси IX-XV асрлар давомида бунёд этилган. Термиз туманида вайрона ҳолида сақланган. Тадқиқотчилар томонидан ушбу ёдгорлик ўтмишда қандай вазифада фойдаланганлиги ҳақида турли фаразлар мавжуд. Шаҳар ташқарисидаги зодагон саройи, қизлар мадрасаси, хонақоҳ, карвонсарой ва ҳокозо. Ўрта асрларда Термиз шаҳрининг ташқарисида жойлашганлиги қалъа  шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. У дунё томонларига мослаб қатъий мужассимотда бунёд этилган.

Қалъанинг барча хоналари ва марказдаги саҳн ўзаро йўлаклар билан боғланган; марказий саҳн ҳовли ёки гумбазли зал бўлган деб тахмин қилинади.

Айвон ва йўлаклар орқали бино  4 қисмга бўлинган.

Оғзаки маълумотларга кўра, халқ достонларида зикр этилган душманлар ҳужумини қайтара олган қаҳрамон  қиз Гулойим ва унинг қирқ дугонаси айнан шу ерда яшаган. Шунингдек, XX асргача халқ томонидан Қирққиз қалъаси жойлашган ҳудудлар “Шаҳри Сомон” деб ҳам аталган.

Шу муносабат билан биз Термиз сайидлари ва сомонийларнинг келиб чиқиши ҳақидаги тадқиқотчиларнинг фикрларини баҳам кўрамиз. Профессор А.Семёнов XX аср бошларида cаловотлик муллалар қўлидан “Саадийа” номли қўлёзмани олади. Унда ёзилишича сомонийлар сулоласи Термиз ёки Балх яқинидаги Сомон қишлоғидан келиб чиққан. IX асрнинг иккинчи ярмида, аниқроғи, 865 йилда Термиз сайидлари асосчиси Ҳасан ал-Амир Балхдан Термизга кўчиб келади. Кўчиб келишда унга сосоний саркарда Баҳром Чўбиннинг авлодидан бўлган Аркак ёрдам беради. Аркак бунёд этган Сомон қишлоғида унинг ўғли, сомонийлар сулоласи асосчиси Асад Сомоний дунёга келади. “Саадийа”да ёзилишича Исмоил Сомоний ўзининг келиб чиқиши ва аждодларининг Ҳасан ал-Амир томонидан қўллаб-қувватланганлигини эслаб ҳар йили Термизга келиб турган. Қолаверса, сайидларга кўплаб ёрдамлар кўрсатган. Ушбу алоқалар туфайли кейинчалик Исмоил Сомоний қизи Моҳи Симни Термиз сайидларидан Амир Абдуллога турмушга берган. Уларнинг авлодлари эса худованзодалар деб аталган. А.А.Семёнов ва М.Е.Массонлар ушбу қўлёзмада кўплаб ноаниқликлар борлигини таъкидлашган. Шунга қарамай, баъзи тадқиқотчилар юқоридагиларнинг барчаси тарихий бўлган воқеа ва Термиздаги Қирққиз қалъаси сомонийлар авлодларининг қасри бўлган деган фикрларни илгари сурадилар. Лекин археологик тадқиқотлар Қирққиз ёдгорлиги XIII-XV асрларда бунёд этилганлигини кўрсатмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan