ХАБАРЛАР

Саудия шаҳзодаси Трампга кескин эътироз билдирди

Саудия Арабистони шаҳзодаси Турки ал-Файсал Ол Сауд АҚШ президенти Дональд Трамп илгари сурган Ғазодан фаластинликларни қўшни давлатларга кўчириш ташаббусига кескин қарши чиқди.

«Фаластин халқи бошқа давлатларга бадарға этиш мумкин бўлган ноқонуний муҳожирлар эмас. Ғазо ери – уларнинг ери, Исроил вайрон қилган уйлар – уларнинг уйлари. Уйларини Исроилнинг аввалги босқинларидан кейин бўлган каби яна ўзлари қайта тиклашади», – деб ёзди Турки ал-Файсал «The National» газетасида чоп этилган мурожаатномасида.

80 ёшли Турки ал-Файсал 1977-2001 йилларда Саудия Арабистони разведка хизматига раҳбарлик қилган. Шунингдек, подшоҳликнинг Буюк Британия ва АҚШдаги элчиси вазифасида фаолият юритган.

Шаҳзода фаластинликлар Яқин Шарқнинг тубжой аҳоли вакиллари экани, Исроилнинг аксар аҳолиси эса муҳожир эканини айтган.

«Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа ва бошқа жойлардан Фаластинга кўчиб келган ўн минглаб муҳожирлар фаластикликларнинг ерлари ва уйларини тортиб олди, одамларга зўравонлик қилди ва этник тозалаш кампаниясини амалга оширди. Афсуски, урушда ғолиб чиққан Америка ва Буюк Британия улар тарафини олди ва ҳатто фаластинликларнинг ўз уйлари ва ерларидан қонли тарзда кўчиришга кўмак кўрсатди», – деб ёзди Турки ал-Файсал.

Саудиялик давлат арбоби агар Ғазо аҳлини кўчириш керак бўлса, Исроил ҳудудидаги ўз тарихий ерларига кўчириш мумкинлигини қайд этган.

Турки ал-Файсал Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудийларга товон сифатида Германиянинг бирор ҳудудини бериш таклиф қилингани, аммо АҚШ раҳбарияти буни рад этиб, Фаластин ҳудудини олиб беришни маъқул кўрганини афсус-ла қайд этган.

Фаластин аҳолиси Исроил давлати 1948 ва 1967 йилларда амалга оширган мажбурий қувғин яна такрорланишидан хавотирда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan