Маълумки, жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омборининг тўғони бузилиши натижасида сув чиқиб, омбор атрофидаги яқин ҳудудлар сув тагида қолган.
Ушбу фалокат сабаб айни вақтда Сирдарё вилоятида қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Вилоят ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А-373 “М39 йўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ўш” автомобиль йўлининг 0-37 километрларида барча турдаги транспорт воситалари учун ҳаракатлар вақтинча чекланган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қиладики, карантин даврида ҳаракатланишга рухсат этилган вилоятлараро қатновчи транспорт воситалари учун вақтинчалик М-34 “Тошкент-Душанбе” автомобиль йўлининг 104-152 километри ва А-376 “Қўқон-Жиззах” автомобиль йўлининг 219-242 километри орқали ҳаракатланиш йўлга қўйилган.
Ҳайдовчилар учун ушбу йўналишни кўрсатувчи йўл белгилари ва ишоралар белгиланган жойларга ўрнатилган.
Шунингдек, барча ҳайдовчилардан ЙПХ ходимлари томонидан берилган кўрсатмаларни бажариши, ушбу ишора ва белгиларга амал қилиб, М-34 “Тошкент-Душанбе” ва А-376 “Қўқон-Жиззах” автомобиль йўли орқали ҳаракатланишлари сўралган.