
Сурхондарё вилоятида ўз вақтида тўланмаган солиқ тўловларини ундириш учун Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳлар қарздор жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкларини кўздан кечириб, хатловга олмоқда.
Солиқлар–иқтисодиётимиз таянчи, фаровон ҳаётимиз манбаи. Афсуски, айрим солиқ тўловчилар ўз мажбуриятларини унутиб, солиқ тўловларини тўламасдан келмоқда. Ваҳоланки, белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Мажбурий ижро бюроси Олтинсой туман бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатига кўра туманда фаолият юритиб келаётган “Best-veg Surxon» МЧЖдан ўз вақтида тўланмаган жами 2,6 миллиард сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати қабул қилиниб, тарафлар огоҳлантирилган ҳолда ижро ҳаракатларига киришилди.
Солиқ тўловлари белгиланган ихтиёрий муддатда бартараф этилмаганлиги сабабли қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солинди ҳамда жамиятга тегишли автотранспорт ҳамда кўчмас мулкларига нисбатан тақиқ қўйилди.
Натижада, қарздор жамиятнинг ҳисоб рақамларидан ўтган бир ой давомида жами 1 миллиард 378 сўм солиқ қарздорлиги ундирилиб, бюджетга йўналтирилди. Қолган солиқ қарздорлигини ундириш мақсадида қарздор жамиятнинг кўчмас мулки хатловга олинди.
Таҳлилларга кўра тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ноябрь ойининг дастлабки икки ҳафтасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида Бюронинг ҳудудий бўлимлари иш юритувига қабул қилинган ҳужжатлар доирасида 8 миллиард сўмга яқин солиқ қарздорлиги амалда ундириб олиниши таъминланган.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида воҳада юзага келган солиқ қарздорликларини ундиришга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилояти бошқармаси