ЖАМИЯТ

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ КОНСТИТУЦИЯ БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНГАН

Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилган.                            

Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига  айланди.

Мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилишига эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддасида, “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ  ҳамда имкониятларни таъминлайди”, деб белгиланган.

Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш  ҳамда  гендер тенглик  масаласи барча давлатларда муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, хотин-қизларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги фаол иштироки мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигининг кафолати ҳисобланади.

Конституциямизда инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар, хусусан, гендер тенглик қоидалари акс этган. Жумладан, Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши ҳақидаги нормалар белгиланиши гендер тенгликнинг конституциявий ҳуқуқий асоси кафолатланганидан далолат беради.

Конституциянинг 42-моддасида: “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деб белгиланди.

Шунингдек, бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчи аёлларнинг ҳуқуқлари тенглаштирилди. Бу билан ўшандаёқ янги таҳрирдаги Конституцияга тегишли норма киритиш учун нафақат ҳуқуқий, балки молиявий асос ҳам яратилганини қайд этиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланишини белгилангани, шубҳасиз, аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари камситилишини бартараф этиш, бу борада ҳам гендер тенгликка эришишга қаратилгандир. Қолаверса, Асосий Қонунимиз нормалари хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш, уларнинг норасмий меҳнат муносабатларини қонунийлаштириш жараёнларига хизмат қилади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan